Кеча чиққан хабарлардан эътиборимни тортгани Пол Погбанинг “МЮ” машғулотларига қайтгани бўлди. Гарчи бунгача франциялик футболчи жамоасини ўзгартиришни истаётгани, масалан Парижга кўчгиси борлиги ҳақида ҳам турли хабарлар чиқиб турган бўлсада, ҳозирги жамоаси учун у жуда керак.
Жорий мавсумда у ўзи ўтказган 9 та ўйинда 7 ассист муаллифига айланган (улардан 4 таси бир ўйинда экани ҳам бор гап). Яна кўпинча Погбанинг яратувчи сифатлари диққат марказида бўлиб, унинг яхшигина шаклланган таянч футболчиси сифатидаги фазилатлари унитилади. Криштиану Роналдунинг трансферидан сўнг менимча майдонда Пол Погба сингари футболчига эҳтиёж бир неча карра ортди.
Клубдаги ярим ҳимоячиларига қараб туриб уларда икки хислат мутаносиб дейиш қийин. Таянчда ўйнаши мумкинлари-ку, умуман яратишга мойил эмас – Матич, Фред, Мактоминай. Булар асосан қаттиқ юклама билан ишловчи, кўпроқ бузишга мойил футболчилар. Ҳужум чоғи улардан кескинлаштирувчи, креатив қарорлар кутиш қийин. Бундай ҳолда Пол каби футболчи марказдаги баланс учун жуда зарур. Дейлик, у яхши формада бўлса исталган тоза таянч ярим ҳимоячиси билан марказда жуфтлик бўла олади. Бу жуфтлик эса исталган бошқа кўринишдаги жуфтликдан кўра ҳимоя-ҳужум функцияларида самаралироқ бўлади. Яъни ҳозиргидек таянчда бир-бирига ўхшаш икки футболчи айни вақтда майдонда бўлганидан кўра, фарқли футболчи ҳаракат қилгани маъқул менимча. Фақат Погба билан шундай фарқли жуфтлик шаклланиши мумкин. Кейин тўрт ҳимоячи билан бошланадиган исталган схемада ҳужумдагилар учун комфорт ҳосил бўлса керак. Ҳар ҳолда Роналду иштирокидаги илк ўйинда шундай бўлганди.
Менимча, баъзида ребусдаги айрим мураккаб рамзларни аниқлаш учун ундан аввал ёки кейин турган осонроқ рамзни аниқлаб олиш лозим.
Ориф Толипов.