Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Темур Жўраев: «Майдонга тушмасам жамоа ўйинларини кузата олмайман»

Баҳо:
+ | -

Охирги кунлар ичида “Пахтакор” дарвозабони Темур Жўраевнинг сурати босилган мақола билан боғлиқ фикрлар кўпчиликнинг эътиборини жалб қилди.

 Клуб ишқибозлари сайти 12-sektor.uzда эълон қилинган хабарда посбонимизнинг “Олмалиқ”қа қарши учрашув пайтида балиқ овлаш билан машғул бўлганлиги танқид қилиб чиқилган ҳамда жамоа манфаатларидан кўра шу машғулотни афзал кўрганлиги таъкидланганди. Биз ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Темур билан боғландик. У билан уюштирилган суҳбатда бу ва бошқа ҳолатларга ойдинлик киритиб ўтилган.

Фанатлар сайтидаги хабарда шундай дейилади:
“Хабарингиз бор, бу йил "Пахтакор" сардори этиб жамоада анча йиллардан бери тўп суриб келаётган Темур Жўраев тайинланган. “Олмалиқ”қа қарши ўйинда жароҳати туфайли майдонга туша олмаган посбон стадионга келиб, жамоадошларига далда бўлиш ўрнига Ўрдада "Анҳор" бўйида балиқ овлаш билан машғул бўлди. Тўғри, стадионга бориш-бормаслик албатта уларнинг шахсий ишлари. Бироқ жамоа учун ҳар бир ўйин муҳим бўлиб турган бир пайтда сардорнинг бу хатти-ҳаракатини тушуниш жуда қийин. Ахир, бежизга Темур Жўраевга сардорлик боғичи топширилмаган-ку, жамоа сардори ўзида маъсулият ҳис этиб, бошқа футболчиларга, айниқса ёш футболчиларга ўрнак бўлиши лозим эмасми? "Пахтакор" шарафини неча йиллардан буён ҳимоя қилиб келаётган футболчи, устига-устак жамоа сардори шундай қилиб тургач, мухлислар қолган футболчилардан нима кутади? Наҳотки, “Пахтакор”нинг ўйинидан кўра, балиқ ови муҳим бўлса, ёки дарвозабон ўз жамоасининг ўйинига шунчалик бефарқми”?

Табиийки, дастлаб ушбу ҳолат ҳақида Жўраев фикрларини айтиб ўтди:
- Жамоамиз “Олмалиқ” билан учрашув ўтказган куни, ўйин ўтаётган маҳалда балиқ ови билан машғул бўлганимни инкор этмайман. Яъни, ўша суратни бошқа вақтда олинган дейиш фикридан йироқман. Лекин ўша хабарда муаллифнинг мени жамоа ўйинларига бефарқликда айблагани ва балиқ овини жамоадан муҳим кўрганим тўғрисидаги хулосаси умуман нотўғри. Бундай хулоса чиқаришдан аввал мен ёки матбуот хизмати билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритиш мумкин эди. Чунки майдонга тушмаган ўйинларимда жамоа учрашувларини кузатмаслигимни жамоада барча яхши билади. Клуб раҳбарияти ҳам бундан хабардор. Бунинг сабаби эса трибунада ўтирган ҳолда баҳсни кузатиб бориш мен учун оғир. Жамоага ёрдам бера олмаётганимда ўйинларни кузатиб боришга асабим дош бермайди ва бутун ўйин давомида сиқилиб ўтираман. Майдонга чиқиб жамоадошларимга ёрдам бергим келаверади. Бундай ҳолат менда ёшлигимдан кузатилган. Шу туфайли ҳам “Олмалиқ” билан учрашув ўтказилган вақтида асабларимни тинчлантириш мақсадида балиқ овлаш билан машғул бўлдим. Ўйинни ҳаттоки телевизор орқали томоша қилиш ҳам мен учун оғир. Бунинг ёмон тарафи йўқ, менимча. Чунки барча футболчиларнинг ҳам ўзини тинчлантирадиган хоббиси бўлади. Лекин бу дегани мен “Пахтакор”нинг ўйинларига бефарқман дегани эмас-ку! Акс ҳолда, қандай қилиб бу жамоа шарафини ҳимоя қилиб юрган бўлардим? Ўша ўйин пайтида учрашувнинг қандай ўтаётгани тўғрисида батафсил маълумотларни дўстларимдан билиб турганман. Қолаверса, “Банияс” билан Тошкентда ўтган баҳсда олган жароҳатим туфайли жудаям асабийлашиб юрган пайтим эди. Бундай ҳолатларда эса тинчланиш учун одатда балиқ овига бораман. Агар жамоа учун жон куйдирмаганимда “Банияс”га қарши ўйинда охиригача майдонда қолмасдим. Чунки биринчи таймда рақиб ҳужумчиси билан тўқнашган вазиятда ўнг оёғим шишиб кетганди. Шунга қарамай, жамоага ёрдам бериш мақсадида беллашув охиригача ўйнай олишим мумкинлигини таъкидладим. “Пахтакор”да ҳар бир футболчи жамоага ёрдам беришга интилади. Ҳаттоки, жароҳат олган пайтларда ҳам. Шу сабабли қайсидир ўйинчи ҳақида хулоса чиқаришдан олдин уларнинг ўша пайтдаги ҳолати тўғрисида маълумотга эга бўлиш даркор. Биргина нотўғри гап ёки хулоса билан футболчининг фаолиятига салбий таъсир қилиш мумкин. Футболчиларнинг ҳам шахсий ҳаёти бор. Унга аралашиш эса яхши эмас. Майли, ёмон ўйнасак бунинг учун танқид қилишсин, буни тўғри қабул қиламиз. Бироқ шахсий ҳаётга бундай муносабатда бўлиш нотўғри. Тушуниб турибман, бу хабарни ёзган мухлис “Пахтакор” учун қайғурмоқда, бироқ салгина нотўғри ёндошув билан Темур Жўраевга жамоа натижаси бефарқ деган хулоса келиб чиққан. Ишқибозларга эса бизни қўллаб-қувватлаб келишаётгани учун бутун жамоамиз номидан раҳмат айтаман. Умид қиламанки, улар бизни навбатдаги беллашувларда ҳам яхшироқ қўллашади.

- Айни пайтда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Жароҳатим безовта қиляпти. Шунга қарамай, “Ал Араби” билан Тошкентда ўтадиган Чемпионлар лигаси учрашувига қадар сафга қайтишга ҳаракат қиламан. Чунки олдинда бизни муҳим баҳслар кутиб турибди. Бундай вазиятда жамоага ёрдамим тегишини истайман. “Банияс” билан беллашувда рақиб ҳужумчиси тўпни ундан аввалроқ тепиб юборганимда келиб оёғимга урилди. У бутсаси билан ўнг оёғимнинг пастки қисмига кучли зарба берди. Шу туфайли “Олмалиқ” билан ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлдим.

- Жамоадаги муҳит ҳақида нима дейсиз?
- “Пахтакор”да ҳамиша футболчилар бир-бирларини қаттиқ ҳурмат қилишади ва биз худди бир оилага ўхшаймиз. Буни ҳозир бошқа клублар сафида ўйнаётган собиқ ўйинчилардан ҳам сўраб кўришингиз мумкин. Бизда барча иноқ ва дўстона муносабатлар шаклланган. Бир-биримизни ҳар қандай мушкул шароитларда қўллашга ҳаракат қиламиз. Мухлислардан ҳам шуни сўраб қолардим. Чунки барчада омадсиз кунлар бўлади ва шундай лаҳзаларда бошқаларнинг руҳий тарафдан кўмагига муҳтож бўлади. Мағлубиятлардан кейин дарров кимнидир ёмон, ғалабалардан кейин эса қаҳрамонга айлантириб қўйиш осон. Лекин энг муҳими, керакли вақтда руҳан қўллай олишдир. Буни олимпия терма жамоамиз мисолида ҳам кўрдик. Улар биргина мағлубиятдан кейиноқ мухлислар назарида антиқаҳрамонларга айланиб қолишди. Бунгача эса уларни барча мақтаётганди. Имкон қадар бир хил муносабатда бўлишга интилиш керак. Чунки ёмон кунлар барчанинг ҳаётида учрайди.

Сўзим охирида мен яна бир бор ишқибозларга миннатдорчилик билдириб, улардан жамоамизни ҳар доим қўллаб туришни сўрайман. Насиб қилса, биз уларни ғалабалар билан хурсанд этамиз.

Манба: www.pakhtakor.uz
Киритилди: 12:45, 29.03.2012.
Ўқилди: 8127 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.