Хабарингиз бор, жорий йилнинг 20-30 январь кунлари пойтахтимиз Тошкентда бокс бўйича 22 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Тарихда илк маротаба ташкил этилаётган ушбу мусобақада қитъамизнинг 15га яқин мамлакатидан 150 нафардан зиёд ёш ва умидли боксчилар ғолиблик учун баҳс олиб бориши кутилмоқда. Ҳозирда мусобақа ўтадиган «Универсал» спорт мажмуасида тайёргарлик ишлари қизғин давом этаяпти.
U-22 Осиё чемпионати расман 22 январь куни соат 17:00да очилади. Очилиш маросими тантаналаридан сўнг соат 18:00дан дастлабки жанглар бошланади. Шу куни соат 11:00да пойтахтимиздаги «Ҳилтон» меҳмонхонасида мусобақа олдидан матбуот анжумани ҳам ташкил этилади. Унда ташкилотчилар, хусусан Осиё бокс федерацияси масъуллари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Ушбу нуфузли мусобақага Ўзбекистон эркаклар терма жамоасини тажрибали мутахассис Тўлқин Қиличев бошчилигидаги мураббийлар штаби тайёрлаган бўлса, қизларимиз Лочин Қўчқоров ва Элшод Расулов қўл остида тайёргарлик кўришди. Бироқ, пандемик вазият туфайли терма жамоамизнинг якуний таркиби ҳалигача аниқ бўлгани йўқ.
Олдинроқ Осиё чемпионатида қитъамизнинг 20га яқин давлатидан 200 нафарга яқин чарм қўлқоп усталари қатнашиши кутилаётган эди. Аммо, сўнгги вақтларда бутун дунёда пандемик вазият яна жиддий тус олганлиги ва касалланиш ҳолатлари тобора ортиб бораётганлиги боис бир қатор мамлакатлар ушбу мусобақада қатнашолмаслигини маълум қилди. Улар қаторида Осиё боксида етакчилардан саналадиган Қозоғистон, Таиланд, Хитой, Ҳиндистон, Филиппин сингари давлатлар ўрин олган. Бироқ, бу ҳолат мусобақа нуфузига асло таъсир қилмайди, зеро Тошкентда ўтадиган қитъа чемпионатида Япония, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Қатар, Малайзия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон сингари 10дан ортиқ давлатлардан ёш ва истеъдодли боксчилар ғолиблик учун рингга тушади.
Мусобақада эркаклар 13та вазн тоифасида, қизлар эса 12та вазнда жанг қилишади. Мазкур чемпионат қатъий карантин қоидалари асосида ўтказилади ва унга бемалол томошабинлар ҳам кириши мумкин.