Каталониянинг "Барселона" клуби ёзги трансфер мавсумида чап қанот ҳимоясига футболчи сотиб олиши аниқ бўлиб улгурди.
Маълумотларга қараганда, каталониялик селекционерлар ҳозирда ушбу чизиққа номзод футболчиларни кўздан кечиришмоқда. Улар орасида "Шальке"нинг 22 ёшли ҳимоячиси Кристиан Фукс, ҳамда "Гранада" клуби аъзоси Гильерме Сикейраларнинг номи тилга олинмоқда.
Goal.com нашрининг хабар беришича, бир қанча муддатга сафдан чиққан Эрик Абидальнинг қачон сафга қайтиши ноъмалум. Франциялик ҳимоячи сафга қайтган тақдирда ҳам, унга муносиб ўринбосар керак бўлади. "Барселона" скаутлари эса бир нечта ҳафтадан буён Германияга ташриф буюриб, "Шальке" иштирокидаги ўйинларни кузатишмоқда.
Ҳозирда Германия бундеслигасининг энг яхши қанот ҳимоячиси дея эътироф этилаётган ва чемпионатнинг энг яхши ассистенти (ҳимоячилар орасида) бўлиб турган Кристиан Фукс каталонияликларнинг асосий мўлжали бўлиб турибди.
Шунингдек, бир қатор инглиз ОАВда "Барселона"нинг "Челси" ҳимоячиси Давид Луизга жиддий равишда қизиқаётганликларини айтмоқда. Нашрларда ҳатто, каталонияликлар бразилиялик ҳимоячи учун 35 миллион евро беришга тайёр эканлиги ҳам таъкидланмоқда. "Барса" Давид Луиз тимсолида жамоа сардори Карлес Пуйольга муносиб ўринбосарни кўришмоқда экан.