Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳудудларда футболни ривожлантириш ва болалар футболидаги олиб борилаётган ишлар ва мавжуд камчиликларни таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоанжуман шаклида ўтказилган йиғилишда ЎФА раҳбарияти, соҳадаги тажрибали мураббийлар, ҳудудий футбол ассоциациялари вице-президентлари, ассоциация ва вазирлик тизимидаги болалар-ўсмирлар футболи бўйича масъул мутахассислар, БЎСМ ҳамда хусусий футбол клублар вакиллари иштирок этишди.
Кун тартибига кўра, ЎФА раҳбарияти дастлаб ҳудудлардаги инфратузилма, майдонлар, аёллар футболи, болалар учун яратилган шарт-шароитлар ва турар жой масаласи, овқатланиш, экипировка ва жиҳозлар каби вазифаларнинг таҳлили билан танишди.
Жойлардаги футбол академиялари фаолияти, хусусан турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоалари ва клублар учун футболчиларни тайёрлаб бериш кўрсаткичлари таҳлилий маълумотлар асосида муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида ҳар бир ёш тоифасидаги мураббийлар ўз ишига замонавий, режали ва бугунги кун жаҳон футболидаги талабларга мос равишда ёндашиши зарурлиги таъкидланди. Тайёргарлик жараёнида спорт технологиялардан фойдаланиш, мураббийлар штабида эса ўз мутахассислиги бўйича ишлайдиган таҳлилчилар, селеционерлар ва тўлиқ тиббий таркиб бўлиши шартлиги айтилди.
Бундан ташқари, болалар футболини ривожлантиришда мусобақаларни доимий ўтказиб бориш кераклиги таъкидланди. Бу борада турнирларга жиддий тайёргарлик кўриш ва уларни юқори даражада ўтказиш зарурлиги айтилди. Ташкилий масалалар, хусусан, турар жой, стадионлар, ҳакамлик, санитария, хавфсизлик ва яна бир қатор йўналишларни уюшқоқлик билан тўғри ташкил этиш юзасидан масъулларга топширилар берилди.
Шунингдек, мураббийлар ўз қўл остидаги ёш тарбияланувчиларнинг ўсиш ва пасайиш динамикасини мониторинг қилиш ва бу орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тажрибали мутахассислар Рауф Инилеев ва Дилшод Нуралиевларнинг фикрлари тингланди.
ЎФА раҳбарияти томонидан вилоятларда терма жамоалар учун маҳоратли футболчиларни етиштириб бериш, ёшларнинг тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, тўғри овқатланиш, сифатли витаминизацияни йўлга қўйиш ҳамда мусобақалар ва ўқув-йиғин машғулотлар таҳлилини олиб бориш зарурлиги бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Ҳудудлардаги мутасаддилар ва йиғилиш иштирокчилари ечимини кутиб турган бир қатор масалалар ҳамда айрим вазифалар юзасидан ўз таклифларини билдириб ўтдилар.
Учрашув якунида барча йўналишлар бўйича масъуллар белгиланиб, уларга тегишли топшириқлар берилди, ижро назорати эса доимий олиб борилиши маълум қилинди.