Бугун ЎФА, ЎзПФЛ ва Ўзбекистон Футболчилар уюшмаси вакиллари ўртасида футболчиларнинг мақомларини белгилаш, трансферлардаги муаммоларини бартараф этиш ва тартибга солиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.
Унда хориж давлатларида кенг қўлланиладиган “Футболчиларнинг мақоми ва трансфери регламенти”ни Ўзбекистондаги лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу регламент футболчиларнинг бошқа клубга ўтиш вақтидаги қийинчиликлар ва футболчилар ўртасидаги юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиши кўзда тутилмоқда.
Ўз ўрнида ҳар учала томон ҳам ушбу лойиҳа бўйича таклиф ва фикрларини билдириб ўтишди. Шу кунгача бўлажак юлдузларни етишишига катта ҳисса қўшаётган болалар мураббийлари ҳуқуқлари инобатга олинмаётганлиги танқид остига олинди. Эндиликда, регламент болалар мураббийларини ва ўсиб келаётган ёш футболчиларни манфаатларини ҳимоя қилиши лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Истеъдодли футболчини етиштирган мураббий бўлажак трансферлардан рағбатлантирилишини тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлиги белгиланди. Шунингдек, лойиҳадан ўрин олиши керак бўлган бошқа қисмлар муҳокама қилинди.
Мазкур регламент лойиҳаси навбатдаги йиғилишда қайта кўриб чиқилиши белгиланди.