Бугун Ўзбекиситон Кубоги 1/16 босқичи доирасида бир неча учрашувлар ўтказилди. Ўз майдонида пойтахтнинг "НБУ-Осиё" клубини қабул қилган Қаршининг "Насаф" клуби 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "Наксаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди ва журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди:
"Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, бу ғалабага осонликча эришилгани йўқ.
"Насаф" юқори максадларни кўзлаган жамоа ҳисобланади, шунинг учун 1-лигами, олий лига буладими, жамоалар бизга қарши тиш қайраб майдонга тушишади", дейди Рўзиқул Бердиев.
- Бугунги ўйинда Суҳроб Бойматов жуда кўп хато килди. Илҳом Юнусовнинг ўйинидан ҳам қониқиш ҳосил қилмадик?
- Асосий ўйинчиларимизга дам беришга ҳаракат қилдик. Чунки олдинда муҳим уйинлар кутиб турибди. Бойматов ҳали ёш, ўйиндан ўйинга ўсишга эришади.
- ОАВда тез-тез, "Насаф"нинг "Ал-Жазийра"дан қабул қилган мағлубиятидан сўнг "Бердиев жамоани руҳий тушкунликдан тезда чиқара олди", деган гаплар янграяпти. Бунга қандай эришдингиз?
- Ўша ўйинда ютқазишга ҳақли ўйин курсатмаган эдик. Бу нарсани болаларга кўп такрорладим, кайфиятини кўтардим. Аслида ҳам футболчиларимиз жуда кўп нарсага қодир. Икки мавсумдан буён халқаро майдонда тобланмокда. Ҳали улар билан катта натижаларга эришамиз.
- Гадоев Эронда ўтган ўйинда ўзини яхши томондан курсатди. Нега уни бугун асосий таркибдан туширмадингиз? Кейинги ўйинда уни бошланғич таркибда кўра оламизми?
- Аввало бу — сир. Иккинчидан футболчиларнинг тайёргарлигига караб майдонга туширамиз. Учинчидан, ана шундай ёшларимизга жиддий ўйинларда имкон беришимиз керак ва шу йўлда ҳаракат қилмокдамиз.
- Олимпия терма жамоамиз бугун имкониятни бой берди, бизнинг ўйинчиларимизга нима етишмади деб уйлайсиз?
- Аввало вақт етишмаслиги. Уммон 4 кун дам олиб, икки кун олдинги иродали ғалабага қийналиб эришган ёшларимизга қарши майдонга тушди. Сиртдан қараганда бу билинмаслиги мумкин. Бироқ қисқа муддатда расмий ўйинда майдонга кетма-кет тушиш футболчиларни чарчатади. Ўйинни кўрмаган бўлсам-да, Уммон 4 кун тўлақонли дам олгани уларнинг ғалабасига замин яратган, деб тахмин қиляпман.