ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақалар учун Регламентнинг 17-боб 9-бандида “Қайдномадан ЎзПФЛ лицензиясига эга бўлган 7 нафаргача расмий шахс жой олиши мумкин. Расмий шахслар орасида клуб шифокорининг бўлиши мажбурийдир” деб ёзилган.
2021 йилги аёллар мавсумида деярли барча жамоалар бу қоидага амал қилди. “Севинч”, “Бунёдкор-W”, АГМК-W, “Сўғдиёна-W” ва “Металлург-W” жамоалари талабни максимал даражада бажарган бўлса, “Пахтакор-W” ва “Қизилқум-W” захира ўриндиқларидан 4 нафардан расмийлар жой олишди. “Бухоро-W” ва “Локомотив-W” жамоалари ҳам минимум даражада жавоб берди. Биргина “Навбаҳор-W” жамоаси кадрлар масаласида “оқсади”. Кам сонли ўйинларда ўйин қайдномасига бош мураббий ва шифокор исми-шарифи ёзилган бўлса, аксариятида жамоани биргина бош мураббий Карима Йўлдошеванинг ўзи бошқарди. 10-тур доирасидаги “Навбаҳор-W” ва “Севинч” учрашувида майдон эгаларига битта расмий – шифокор Ғофуржон Жўраев киритилди. 18-тур доирасида сафарда “Бухоро-W”га қарши ўйинда эса “Навбаҳор-W” қайдномасига бирорта ҳам расмий киритилмади. Шунингдек, бутун мавсум давомида “Локомотив-W” қайдномаси бош мураббийни “кўрмади”, жамоага дарвозабонлар мураббийи Дмитрий Смирнов бошчилик қилиб келди.
ЎзПФЛ 2022 йилдан ОФК ва ФИФА талабларидан келиб чиқиб ўзининг талабларини янада кучайтиради. Суперлига клублари қошида фаолият юритувчи аёллар жамоаларининг расмийлар таркибида “Pro” лицензиясига эга бош мураббий (камида “Pro” лицензиясига ўқиётганлиги ҳақидани маълумотномага), “В” лицензиясига эга ёрдамчи мураббий (албатта аёл бўлиши), “Level-1” лицензияга эга дарвозабонлар мураббийи, шифокор ва физиотерапевт (албатта аёл бўлиши керак) иш олиб бориши белгиланган. Шунингдек, жамоа таркибида маъмурнинг бўлиши тавсия этилади.