Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Тошкент шаҳрида афсонавий футболчи, «Ўзбек Пелеси» номи билан элга танилган Ҳамид Раҳматуллаев хотирасига бағишлаб 1998 йилда туғилганлар ўртасида анъанавий турнир ўтказилди.
Ушбу турнирда иштирок этган «Машъал» болалар ва ўсмирлар футбол мактабининг 1998 йилда туғилган тарбияланувчилари мусобақанинг ҳал қилувчи финал баҳсида «Бунёдкор»ни 1:0 ҳисобида енгиб, турнир ғолиблигини қўлга киритишди. Қизиғи шундаки, Анвар Ҳафизов ва Умид Бобоназаров шогирдлари турнир давомида барча учрашувларни ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юбормаган ҳолда ғалаба билан якунлашди. Яъни «Машъал-98» бешта ўйин ўтказиб, ҳаммасида ғалаба қозонди, тўплар нисбати эса 22-0ни ташкил этди.
Хотира турнирининг финал ўйини ЎФФ биноси олдидаги сунъий майдонда ўтказилди. 55-дақиқада наманганлик ёш ҳужумчи Абдуллаев Адҳам томонидан киритилган гол муборакликларга «Бунёдкор» устидан 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Мусобақанинг ёпилиш маросимида одатдагидек энг яхшилар аниқланди. «Машъал-98» аъзоларидан Абдуллаев Адҳам 9та гол билан турнир тўпурари, Мақсудов Жаҳонгир техникаси энг юқори футболчи, шунингдек Олимов Хуршид энг яхши ҳужумчи деб топилишди. Бундан ташқари, Анвар Ҳафизов энг яхши мураббий, Абдурашид Жўраев эса энг яхши шифокор номига сазовор бўлишди.
Қуйида «Машъал-98»нинг мусобақадаги барча натижаларини келтириб ўтамиз.
Гуруҳ ўйини. «Машъал-98» - «Локомотив» - 5:0
Голлар: Алижонов Илҳом, Мирзақулов Жонибек, Абдуллаев Адҳам, Олимов Хуршид – пенальти, Мақсудов Жаҳонгир.
Гуруҳ ўйини. «Машъал-98» - «Чилонзор» - 7:0
Голлар: Абдуллаев Адҳам 3та, Олимов Хуршид, Нурматов Ойбек, Муртазоев Абубакир, Алижонов Илҳом.
Чорак финал. «Машъал-98» - Тошкент вилоят термаси – 3:0
Голлар: Абдуллаев Адҳам, Алижонов Илҳом, Мақсудов Жаҳонгир.
Ярим финал. «Машъал-98» - «Нефтчи» - 6:0
Голлар: Абдуллаев Адҳам 3та, Мақсудов Жаҳонгир, Мирзақулов Жонибек, Олимов Хуршид.
Финал. «Машъал-98» - «Бунёдкор» - 1:0
Гол: Абдуллаев Адҳам.
Ярим финалда "Бунёдкор"дан енгилган "Пахтакор" тарбияланувчилари учинчи ўрин учрашувда "Нефтчи" билан майдонга тушишди. Асосий вақтда дуранг натижа сақланиб қолгани боис ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда омад фарғоналикларга кулиб боқди.