Криштиану Роналду Португалия миллий жамоаси сафида охирги 47та ўйинида 49та гол урди ва эронлик Али Даи рекордини янгилади. Ҳозир унинг ҳисобида 115та гол бор - бу барча даврларда жаҳон миллий жамоалари либосида қайд этилган энг юқори натижа! ФИФА президенти Жанни Инфантино The Best FIFA Football Awards тақдимот маросимида Кришга махсус соврин топширар экан, буни қисқаси изоҳлади: «Бетакрор ўйинчи учун алоҳида мукофот». «Жуда чиройли, - деди Роналду совринга тикилиб. - Бу туш. Ўзи жаҳон рекордини янгилаш, 115та гол йиғиш ҳақида ҳеч ўйламаганман. Энди узоқ вақт ушланиб турган катта рекорддан 6та гол олдиндаман. ФИФАнинг махсус соврини ҳам ғурур бағишлайди». Роналду саҳнадан тушгач, хурсандчиликни давом эттириб, яна бир қатор мавзуларда фикр билдирди.
***
- Ғоят мамнунман. Тарихдаги энг яхши тўпурар бўлиш - алоҳида фахр. Барча даврларнинг биринчи рақамли голеадорига айланиш - ажойиб. Аввало, 2004 йилдан ҳозиргача терма жамоада мен билан бирга ўйнаган футболчиларга алоҳида раҳмат айтишим керак. Албатта, турмуш ўртоғим, яқинларим ва фарзандларимга ҳам.
***
- Жон куйдирмасангиз, ҳеч нарсага эришолмайсиз. 18 ёшда юксак савияда ўйнай бошладим ва 15-16 йилдан буён юқори поғонадаман. Бу катта фидойилик, иштиёқ, амбиция самарасидир. Муҳими, ҳамон футболга иштиёқим баланд. Ҳаттоки, машғулотлардан ҳам роҳатланаман. Мен учун мотивация ҳамон майдонда. Яқинда 37 ёшга тўламан, асосийси, ҳамон ғайратга тўламан. 18 ёшдан буён тинмай тер тўкяпман ва бунда бардавомман. Асосий сир - футболни яхши кўраман. Кўпчилик яна неча йил ўйнашим ҳақида сўрайди. Умид қиламанки, яна 4-5 йил юқори савияда тўп суришга куч топаман.
***
- Бутун Португалияни фахрлантираётганимни биламан. Бу мукофот ватандошларим ва мамлакатим учун ҳам. Терма жамоада ўйнай бошлаганимдан буён мухлислар берган мотивацияни алоҳида қадрлайман. Мамлакат байроғи ва оилангиз учун ўйнаш ҳамиша ёқимли. Ҳар сафар Португалия термаси либосини кийганимда, ўзгача ҳаяжон ва бахтни туяман. Бу ажиб ва тенги йўқ туйғу.
***
- Ҳа, биламан, Португалия термаси олдида 2та ўта оғир ўйин бор - ЖЧ-2022 саралаши «плей-офф» синови. Умид қиламанки, айнан 2та ўйин бўлади. Қийин, жуда қийин. Ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Қуръа биз учун анча мураккаб рақиблар тортиқ этди. Лекин бу футболнинг бир қисми. Футбол - чақирув. Умид қиламанки, жангларга тўлиқ тайёр бўламиз.
***
- Кетма-кет 17 йил давомида ФИФАнинг FIFPro World XI овоз бериш жараёнига қўшилганим? Бунинг сабабини журналистлардан сўраш керак. Натижаларим ўз ишимни қандай бажараётганимни кўрсатиб турибди. Шу руҳда давом этишим, одамлар, бутун дунёдаги мухлислар ва оиламни хурсанд қилишим учун бундан яхши мотивация йўқ. Демак, давом этаман, чунки ҳали ҳам одамларни қувонтиришга қодирман ва бундан бахтлиман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади