«Осасуна» бош мураббийи Хосе Луис Мендилибар Испания чемпионати 31-туридан ўрин олган «Реал»га қарши учрашувдан сўнг ўйин бош ҳаками Муньис Фернандесни танқид қилиб чиқди. Бу ҳақда, испан нашрларига асосланиб, «Championat.com» интернет-нашри хабар бермоқда.
Майдон эгалари мадридликларга 1:5 ҳисобида имкониятни бой беришди, бироқ, «Осасуна» бош мураббийининг фикрича, Фернандес ҳам меҳмонлар ғалабаси учун «ҳисса қўшган».
«Рақиб биринчи имкониятга эга бўлиши билан гол урди. Биз эса биринчи бўлимда кўп ҳам ишончли ўйин кўрсата олмадик, бу тактикамиздаги ўзгариш билан асосланади», деди Мендилибар.
«Иккинчи бўлимда яхшироқ ҳаракат қилдик. Бироқ кейин рақиб фойдасига жарима зарбаси белгилашди, қизиқ томони, ўша вазиятда ўйин қоидаси бузилганмиди асли, ёки йўқ – буниси номаълум. Дарвозабонимиз ҳали жонли деворни ўрнатиб бўлмасидан дарвозамиз томон зарба берилди. Шундай экан, учрашув бош ҳаками нима қилаётганини жуда яхши билиб турганди», деди «Осасуна» устози.
«Ўзимнинг четлатилишим ҳақида тўхталадиган бўлсам, мен жамоамизга нисбатан ўйин қоидаси бузилганини кўрдим. Мен фақат қўлимни кўтардим, ҳеч нима деганим йўқ. Албатта, биз «Реал»дан кўра ёмонроқ ўйнадик, бироқ бу ўйиндаги ҳакам ҳаммадан ҳам ёмонроқ бўлди», дея қўшимча қилди «Осасуна» бош мураббийи Хосе Луис Мендилибар.