Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Дайди ўғилнинг қайтиши ёхуд Адама Траоре яна “Барселона”да

Баҳо:
+ | -

27 январь куни таниқли инсайдер Фабрицио Романо вингер Адама Траоренинг “Вулверхэмптон”дан “Барселона”га ўтиши ҳақида эълон қилди. Романонинг сўзларига кўра, келишув расман 28 январь куни эълон қилинади: футболчи каталонияликларга мавсум охиригача 30 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ижарага берилади.

Траоре — “Барселона” тарбияланувчиси: унинг болалиги “Ла Масия”да ўтган. У жамоа машғулотларнинг барча босқичларини босиб ўтган ва эндигина 17 ёш бўлган пайтда асосий жамоада дебютини ўтказган. Аммо, ёш футболчи табиий сабабларга кўра Неймар, Лионель Месси ва Луис Суареслар каби футболчилар порлаётган жамоа ҳужумидаги рақобатга дош бера олмади. 2015 йилда Адама 10 миллион евро эвазига “Астон Вилла”га, у ердан “Мидлсбро”га кўчиб ўтди ва у ерда Айтор Каранка қўл остида ўз иқтидорини намойиш эта бошлади.

Премьер-лигада бир мавсум ўйнагандан сўнг, Траоре “Мидлсбро” билан Чемпионшипга тушиб кетди, аммо “Риверсайд” эгалари сафини тарк этмади ва унинг ўрнига жамоани юқори лигага қайтаришга ҳаракат қилди. Лекин, “Мидлсбро” максимал вазифани бажара олмади. Бироқ, испаниялик футболчи бу жамоа сафида ўзини энг яхши томондан кўрсата олди: у клубда йилнинг энг яхши футболчиси деб тан олинди ва “WhoScored” портали томонидан Чемпионшипнинг рамзий жамоасига кирди.

“Барселона” тарбияланувчиси бир зумда инглиз грандларининг эътиборига тушди: хусусан, “Челси” Адама учун 30 миллион фунт тўлашга тайёр эди. Аммо, кейинроқ Роман Абрамович жамоаси бу фикрдан қайтди ва “Вулверхэмптон” “Мидлсбро” ҳисоб рақамига 18 миллион евро ўтказиб бериб, Траорени ўз сафига қўшиб олди.

“Молинью” стадионида Адама Премьер-лиганинг энг таниқли ўйинчиларидан бири сифатида пайдо бўлди. “Вулверхэмптон”нинг ўнг қанотида испаниялик футболчи билан тўқнаш келган ҳимоячилар унинг мушакларини кўргандан сўнг “қалтираб қолишарди”, шу қадар бақувват ва тезкорки, ҳар қандай спринтер ҳам унинг тезлигига ҳавас қилса ажаб эмас.

Шу билан бирга, Траоренинг ўзи мушакларини спорт залидаги машаққатли меҳнатлари, ҳамда гени (Адама Малида туғилган) туфайли эканлигини таъкидлади.

“Ишониш қийинлигини биламан, лекин мен ўзимни оғир вазн деб ўйламайман. Бу шунчаки генимдан ўтган. Мен шунчаки машқ қиламан ва мушаклар ўз-ўзидан каттариб бормоқда”, дейди футболчи.

Траоре ақл бовар қилмайдиган мушакларни ўта юқори тезлик билан бирлаштирди: FIFA 21 уни 96 балл билан дунёнинг энг тезкор иккинчи футболчиси деб баҳолашди (энг яхшиси Килиан Мбаппе, унинг тезлиги 97 баллга баҳоланган). Адаманинг асосий қобилияти - муваффақиятли дриблинглари: футболчи Премер-лиганинг жорий мавсумида ҳар бир учрашувда ўртача 4,2 марта тезликда рақибларини мағлуб этган. Фақат, “Ньюкасл” аъзоси Аллан Сен-Максимин ундан яхшироқ натижага қайд этган (4,3). Умуман олганда, Англиядаги беш ярим мавсум давомида Траоре рақиб футболчиларни 645 марта дриблингда ортда қолдирган.

Футболчилар Траорени тезликда ортда қолдира олмаганидан, доимо унинг қўлларини ушлаб тўхтатишган. Шу сабабли 2019/20 йилги мавсумда Адаманинг тўрт марта елкаси чиқиб кетди. “Бўрилар” шифокорлари муаммони бироз зукколик билан ҳал қилишди. Улар Траоренинг қўлларини мой билан ёғлашни бошладилар.

“Рақиблар доимо Адама улардан қочиб кетишидан хавотирда ва улар ҳеч нарса қила олмайди. Шунинг учун раыиб Траорени қўллари билан ушлаб, ўзлари томон тортадилар. Шу сабаб, Адаманинг қўли бир неча марта елкасидан чиқиб кетган. Биз унинг қўлларини мойлаганимизда, бу рақибларга халақит беради ва янги жароҳатларнинг олдини олишга ёрдам беради”, - дейди “Вулверхэмптон” клуби матбуот хизмати.

Қишки трансфер ойнаси вақтида “Тоттенхэм” бош мураббийи Антонио Конте Адамани ўз таркибга қўшиб олишни жуда хоҳлади. ОАВда келишув расмийлаштирилаётгани ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлди. Италиялик мураббий ўзининг 3-5-2 схемасида ўнг қанот ҳимоячиси сифатида Траоредан фойдаланишни режалаштирган эди. Аммо, “Барса” Адама курашга қўшилганида,  испан футболчиси дарҳол “шпорлар”ни унутди ва собиқ жамоасига қайтиш учун ҳатто маошини камайтиришга ҳам рози бўлди.

“Камп Ноу”да у ҳужумдаги асосий юлдузлардан бири, эҳтимол энг ёрқин юлдуз ролини бажаришга мўлжалланган. Ўзингиз таҳлил қилинг: Усмон Дембеле Хави ва раҳбарият билан можаро туфайли Каталонияни тарк этиш арафасида, Ансу Фати яна жароҳат олди, Брейтвэйт ва Люк де Йонг савия жиҳатдан Адамадан анча паст. Ҳа, Депай ва Ферран Торрес ҳам бор, лекин улар МСН триоси каби рақобатлашадиган позицияда ўйнамайди. Демак, Траоре ўз вақтида “Барселона”га қайтиб келди. Бу сафар Траореда Каталония халқи қалбини забт этиш учун барча имкониятлари бор.

 

Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.

Киритилди: 07:56, 28.01.2022.
Ўқилди: 6962 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.