Премьер-лиганинг айрим клублари «Челси»нинг кийиниш хонасидаги муаммолар ҳақида тинмай шикоят қилишмоқда. Бу ерда гавжумликка алоҳида урғу берилган, «Ливерпуль» штаби «кўклар»ни оммавий равишда ковид тарқатаётганликда айбламоқда.
«Челси» меҳмон жамоанинг кийиниш хонасини кенгайтиришга мажбур бўляпти. The Athletic хабарига кўра, вазият анча жиддийлашган. «Ливерпуль» ва «Брайтон»нинг мурожаатлари бунинг оммалашишига сабаб бўлди. Улар Стамфорд Бридждаги кийиниш хонаси лиганинг коронавирус протоколи қоидаларига мос келмаганидан норози.
Анча кичик бўлган кийиниш хонаси «Ливерпул»даги коронавирус билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайишига сабаб бўлди. «Қизиллар» 2 январь куни «Челси» майдонига сафар қилди ва кейинчалик жуда жиддий вазиятга тушиб қолди. Лондонга сафардан олдин ҳам вирус хавфи анча хавотирли эди: ковид туфайли уч асосий ўйинчи ва ҳатто Юрген Клопп ҳам ўйин олдидан касалланишди. «Челси» билан ўйиндан сўнг бу вазият ўзининг топ нуқтасига чиқди. Ходимлар ва футболчиларнинг топширгани нақ 14 та тести ижобий чиққан. Тухель жамоасига қарши ўйинда Клопп ўрнига жамоани майдонга бошлаб тушган Пеп Линдерс ҳам касалликка чалинди. Ковид тарқалиши сабабли «Ливерпуль» Лига кубоги доирасида «Арсенал»га қарши ўйинни 6 январь куни ўтказишни сўраб мурожаат қилди. Ушбу сўров маъқулланди, аммо ёшлар жамоаси 9 январь куни Англия кубоги доирасида «Шрусбери» билан ўйнаши керак эди. «Ливерпуль» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Шрусбери»га қарши ўйиндан сўнг қизиқарли воқеалар бошланди. Клоппнинг айтишича, яқин кунлар ичида деярли барча ўйинчилар майдонга қайтишади: "Ўтган ҳафта бизда ёппасига ковид эпидемияси бошланди, аммо натижаларнинг аксарияти кейинчалик нотўғри бўлиб чиқди. Вирусни аниқлашда хатоликка йўл қўйилган ва ўйнаши керак бўлганларга ҳам рухсат берилмади”, деб тушунтирди Юрген. Бунда Фақат Трент касал бўлганлиги қайд этилди.
Юрген Клоппнинг жаҳлини чиқарган нарса бу ташкилотчилик билан боғлиқ эди. Вируснинг кўпайиб кетишига айнан «Челси» раҳбарияти катта «ҳисса қўшган». Клубнинг анча кичик бўлган кийиниш хонаси туфайли у ердаги кишилар сони кескин ортиб кетган. Ҳатто ёрдамчи мураббий Пеп Линдерс учун алоҳида хона берилмагани сабабли ўз футболчилари билан бир хонада ўтиришга мажбур бўлган. Бу кулгили албатта. «Стемфорд Бридж»да меҳмонлар мураббийи учун оддийгина алоҳида хона мавжуд эсмас!
«Челси» стадиони коронавирус учун татбиқ этилган янги қоидаларга мос жиҳозланмаган ва бу ерда вирус юқтириб олиш хавфи анча юқори. Athletic нашрининг ёзишича, «Ливерпуль» мутасаддилари махсус шамоллатиш тизими ва аёл ходимлар учун алоҳида хоналарнинг йўқлигидан ҳайратда қолишган. Клуб бундай шароитларни ғайритабиий деб ҳисоблайди. «Челси»нинг меҳмон жамоа учун мўлжалланган кийиниш хонасидан шунингдек, «Саутгемптон» ва «Брайтон» мураббийлари ҳам шикоят қилишди.
«Челси» ҳеч қачон меҳмонларни жуда яхши шароитда кутиб олмаганликда айбланмоқда. 2020 йилги пандемия даврида клуб кийиниш хонасини шимолий трибунага кўчирган. Ўшанда кўпчилик унинг майдондан жуда узоқда эканлигидан ғазабланди. «Биз танаффусдан деярли уч дақиқа ўтиб у ерга кириб бормоқдамиз», - дейди «Саутгемптон» бош мураббийи Ральф Хазенхюттль 2020 йил октябрь ойида бўлган ўйиндан сўнг. «Зинадан юқорига, кейин эса пастга тушиб, кейин эса яна бошқа йўллар... Очиғи, бу ҳақида гапиргим келмайди. Танаффусда жамоангизга маслаҳат бермоқчи бўлсангиз, буни имкон қадар тезроқ қилишга ҳаракатланинг. Мезбон ташкилотчилар бизга айнан шундай буйруқни беришади, бу эса менга ёқмайди».
«Кийиниш хоналари жуда узоқда - уларга бориш кўп вақт талаб этади. Бу ерда ҳеч қандай қулайлик йўқ», - дейди «Брайтон» мураббийи Грэм Поттер яқинда берган интервьюсида.
Темир йўл барча муаммоларга сабабчи сифатида айтилмоқда. У тўғридан-тўғри шарқий трибунанинг орқасида жойлашган ва «Челси»га жамоа пандемиядан олдин фойдаланган эски кийиниш хоналарини кенгайтириш ва янгилаш имконини бермайди. Бу борада вақтинчалик ечим топилган бўлсада, «Челси» журналистлар учун берилган зонани ҳам қурбон қилишига тўғри келди. Стадионнинг нотўғри жойлашуви муаммоларни янада кескинлаштириши мумкин. Меҳмонлар кийиниш хонасини кенгайтириш учун клуб матбуот марказидаги жойнинг бир қисмини олишга мажбур бўлди. Бироқ бу юқоридаги клубларнинг талабига жавоб бериши учун анча вақт кетиши мумкин.