Севган жамоамиз мағлубиятга учраса кимдандир аламимизни олгимиз келади, кимларгадир айбларни тўнкагимиз, кимларнидир ҳақорат қилгимиз келади. Кеча воҳанинг бош жамоаси “Насаф” аламли мағлубиятга учради. Биз “Насаф”дан фақат ғалаб кутган эдик. Афсуски, кутганимиз бўлмади.Албатта шунақа аламли мағлубиятдан кейин мухлислар ўртасида ҳам миш-мишлар кўпайгандан кўпаяди.
Мен ҳам Сиздек мухлисман. “Насаф”ни мухлисиман. Кечаги ўйиндан кейин ҳанузгача аламим тарқагани йўқ. Ҳали вери тарқамайди ҳам...
Шундай пайтлар ўйлаб қоласан,умуман клубда ишлар жойидамикин,жамоада руҳий ҳолат яхшимикин ёки жиддий муаммо бормикин?!
Аввало аламимизни совутиш учун, қолаверса, бизни қийнаётган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида “Насаф” ПФК бош менежери Усмон Қудратович Тошевга телефон орқали мурожаат қилдик. Бу суҳбатдан сўнг тўғриси кўнглим салгина бўлса ҳам таскин топгандек бўлди. Ушбу суҳбатни Сиз азиз мухлисларнинг ҳам эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.
— Усмон Қудратович, айтингчи, “Насаф” ПФКда раҳбарият билан жамоа ўртасида, аниқроғи ўзаро муносабатларда муаммолар борми? Айтишларича, сиз билан жамоа ўртасида қандайдир келишмовчиликлар бор?
— Бу бўлмаган гап. Клубимизда раҳбарият ва жамоа аъзолари ҳамда бошқа ходимлар ўртасида муносабат жуда яхши. Клубимизда иш ўзаро ҳурмат, ҳамма ўз ишини сидқидилдан бажариш асосида қурилган. Ҳамма ўз иши билан банд ва ҳеч қандай муаммо йўқ, бўлиши мумкин эмас. Қолаверса миш-мишлар тарқатилаяптими демак биз қандайдир кўзга кўринадиган ишлар қилаяпмиз. Буни тўғри тушунаман. Ҳамма ҳақида ҳам миш-мишлар тарқатилавермайди. Мен “Насаф”ни катта карвонга ўхшатаман. Карвон ўз йўлида давом этаяпти. Бу ёғини ўзингиз тушуниб , деган умиддаман.
— Мана кеча “Насаф” жамоаси аламли мағлубиятга учради, сизнингча жамоага нима етишмаяпти, нега жамоа барқарор ўйин кўрсата олмаяпти?
— Умуман, бир сўз билан айтганда, жамоамизда ўйин амалиёти етишмаяпти. Ўзларингизга маълум, жамоа ўз тарихида биринчи марта ОЧЛда иштирок этаяпти. ОЧЛ ОФК кубоги мусобақасидан мутлақо фарқ қилади. Бу мусобақада Осиёнинг гранд жамоалари иштирок этади. Бу нуфузли мусобақада аксарият жамоалар кўп йилдан буён узлуксиз иштирок этиб келишади. Қолаверса, жамоалар таркибида анча катта тажрибага эга футболчилар тўп тепишади. Шу туфайли уларда шунга қараб ўйин амалиёти ҳам, тажриба ҳам бизнинг жамоага нисбатан кўп. Биз эса ОЧЛда ўйнашни энди бошладик. Албатта бу жавобим мухлисларни қаноатлантирмаслиги аниқ. Биз ҳали гуруҳдан тушиб қолганимиз йўқ. Мусобақада иштирок этишни давом эттираяпмиз, олдимизга юксак марраларни кўзлаб фаолият кўрсатаяпмиз. Умид қиламанки, мухлислар бу режаларни ижобий натижасини албатта кўришади.
— Кечаги мағлубият ва унинг сабаблари клубда муҳокама қилинадими?
— Ҳар бир мағлубият ҳам, ютуқ ҳам клубимизда кенг муҳокама ва чуқур таҳлил қилинади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Шундан келиб чиқиб мураббийлар штаби олдига ҳам вазифалар қўйилади ҳамда бу вазифаларни бажарилиши назорат қилиниб борилади.
— “Насаф” жамоасини гуруҳдаги аҳволини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, гуруҳ босқичидан чиқишга жамоани салоҳияти етарлими?
—Гуруҳдан чиқиш учун имкон ҳам, салоҳият ҳам бор. Раҳбар сифатида бунга ҳеч қандай шубҳам йўқ. Жамоамиз таркибида ажойиб ўйинчилар жам бўлишган. Хабарингиз бор, ОЧЛ мусобақалари 4-турда Қаршида бўладиган “Ар-Райян” билан бўладиган ўйин учун олдимизга қўйилган вазифа аниқ — фақат ғалаба қилиш! Мухлисларимиз мутлақо бошқа ўйинни гувоҳи бўлишади. Бундан буён ҳар бир ҳаракатимиз ва тайёргарликларимиз ана шу ўйинда ғалаба қилишимизга қаратилади. Умид қиламанки, биз ўз мухлисларимизни албатта хурсанд қиламиз.
— “Насаф” фан-клуби аъзолари нега сафардаги ОЧЛ мусобақаларида жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун олиб кетилмаяпти?
— Саволингиз ўринли. Биз бу масалани келгуси турларгача ижобий ҳал қиламиз. Фан-клуб аъзолари албатта ўз севган жамоаси “Насаф”ни сафардаги ўйинларида ҳам бевосита қўллаб-қувватлашини ташкил қиламиз. Биз фан-клуб аъзоларини Доҳага ҳам ташрифини уюштирмоқчи бўлдик. Лекин визалар бўйича муаммолар пайдо бўлди. Биз албатта бу муаммони ҳам ижобий ҳал қилиш бўйича иш олиб бораяпмиз.
— Клуб олдига бу йилги Олий лига ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларида қатнашишида аниқ бир режа қўйилганми?
— Албатта. Олдимизга аниқ вазифа қўйилган. Биз бу йил чемпионлик учун кураш олиб борамиз. Бизда тайёргарлик ҳам, ҳаракатлар ҳам ана шу олтин медалларни қўлга киритишга қаратилган. Ўзбекистон кубогида ҳам бош совринни қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун бизда ҳамма шароит ва имкон мавжуд. Сайтингиз орқали мухлисларга шуни айтиб қўйишингизни истардим, биз таркибимизни янада кучайтириш бўйича иш олиб бораяпмиз ва умид қиламанки, бу мухлисларимизга анча манзур бўлади.
Сўзимнинг охирида мухлислардан кечаги мағлубиятимиз учун бутун клубимиз номидан кечирим сўрайман. Уларнинг кайфиятини тушуниб турибман ва уларга миш-мишларга эмас, “Насаф”нинг келажагига ишонинг деган бўлардим. Футбол мухлислар учун. Биз албатта мухлисларимизни хурсанд қиламиз!
Биз сайтимиз ходимлари ва барча мухлислар номидан Усмон Қудратовичга ўзининг қимматли вақтини аямасдан бизнинг саволларга жавоб бергани ва мазмунли суҳбати учун миннатдорчилик билдирамиз.
Суҳбатни Р.Эрназаров уюштирди.