Кўпчилик бразилиялик Роналдо деганда 2002 йилда ЖЧ тўпурари бўлиб, «Олтин тўп»ни қўлга киритган, «Реал»да кўп голлар урган Роналдони эслашади. Ёшроқ авлод, айниқса. Кейин ўша пайтларга келиб, транслациялар анча ривожланиб қолганди. Йўқ, у Роналдо ҳақиқийси эмас, ҳақиқийси, 1996-99 йиллардаги Роналдо. Бир ютубга кириб ўша даврдаги Роналдонинг видеоларини кўринг. Унақаси бўлмаган.
Месси ва Роналду энг муҳими, барқарорлик билан, узоқ йиллар юқори темпни ушлаганлари билан шу чўққига чиқишган, гап йўқ. Лекин маълум бир қисқа даврда энг яхши футболчи ёки кимнидир фаолиятидаги чўққи ҳақида гап кетганда, мен бразилиялик Роналдони ва Франциядаги жаҳон чемпионатини эслайвераман.
Ўшанда, ярим финалда Роналдонинг бир ўзи Нидерландия терма жамоаси ҳимоясига қарши қандай ҳаракат қилганини айтишим шарт эмас, буни кўриш керак. Ундан ҳам аҳамиятлиси, финал – Роналдо ва унинг шериклари Францияга қарши ҳеч нарса қила олмаган ва 0:3 ҳисобида ютқазган финал.
Ҳа, ўшанда Роналдо ҳеч нарса қила олмаганди. Бу футбол олами учун жуда ғалати туюлган, жуда кўп миш-мишлар чиқиб кетганди. Роналдо сотилибди, Роналдони ўйиндан олдин захарлашибди, Роналдо касал бўлиб қолибди ва ҳоказо.
Қанчалик рост, қанчалик асосли, эсимда йўқ, жиддий нашрлар ҳам ёзишганлигини эслайман. Қизиғи, бундай хабарларни ҳамма ахтарган. Интернет ҳозиргидек эмас, маълумотларнинг тарқалиш принциплари бутунлай бошқача, тўғри, лекин барибир, Роналдонинг ўйнай олмаслиги (аслида бутун Бразилия ўйнай олмаган) ортида футболдан ташқари нимадир борлигига ишончимиз комил эди негадир. Ахир, шунчаки футболчининг ўйини чиқмаслиги, ҳимоячилар уни яхшироқ қўриқлашлари ҳам мумкин-ку, тўғрими?
Месси ёки Роналдунинг муваффақиятсиз ўйинларини кўп кўрганмиз. Ҳатто улар ўзларининг энг яхши мавсумини ўтказаётган пайтларда ҳам. Табиий ва оддий ҳолат. Бўлиб туради. Улар ҳам одам.
Лекин бразилиялик Роналдо ҳақида ундай ўйлашмасди.