Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клуби бош мураббийи Рауль Канеда, БААнинг «Банияс» жамоасига қарши ОЧЛ гуруҳ босқичи учрашувидан сўнг, қўлга киритилган уч очкодан хурсанд эканлигини маълум қилди.
«Ал-Иттиҳод» ва «Банияс» ўртасидаги баҳс 1:0 ҳисобида саудияликлар фойдасига ҳал бўлди. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида «Пахтакор» ўз майдонида Қатарнинг «Ал-Араби» клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
«Ишқибозлар бизни фаол қўллаб-қувватлаб туришди ва биз уч очкони қўлга киритиб, уларни қувонтира олганимиздан жуда ҳам хурсандман. Биз ҳужумкор ўйин кўрсатдик ва бунинг учун муносиб мукофотландик», деди «Ал-Иттиҳод» устози.
«Иккинчи бўлимда жамоа ўйинида бироз ўзгартириш амалга оширдик ва бу бўлимда жамоа мен унга бош мураббий этиб тайинланганимдан кейинги энг чиройли ўйинини намойиш этди. Энг муҳими, биз уч очко эгасига айландик ва гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолдик», деди «Ал-Иттиҳод» бош мураббийи Рауль Канеда.