Якшанба, 8 апрель куни "Пахтакор" Самарқандда "Динамо" меҳмони бўлади.
Аҳмад Убайдуллаев бошчилик қилаётган самарқандликлар тажрибали мутахассис қўл остида аввалги мавсумда олий лигада ўринларини сақлаб қолишга эришишди. Жорий йилда эса "Динамо" ҳозирча ўзини кўрсата олгани йўқ. Дастлаб ўз майдонида "Насаф"га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган қадимий шаҳар вакиллари кейин Фарғонада "Нефтчи" қаршисида ҳам ожиз қолишди, 0:1. Учинчи турда энди мухлислари кўз ўнгида жамоа омадсиз сериясига барҳам беришга уриниб кўриши, шубҳасиз. Ўз навбатида бунгача олимпия терма жамоасига номзод футболчиларни таркибда унчалик кўп кўрмаган Деян Журжевичнинг иши сал бўлса ҳам енгиллашди. Асосий таркибнинг жароҳатланган ўйинчилари ўрнига энди Журжевич олимпия термаси аъзоларини киритиши мумкин. Жамоалар таркибида дисквалификация сабабли йўқотишлар йўқ.
Ҳозирга қадар ҳар икки клуб олий лига баҳсларида 36 бор тўқнаш келишган. 27 бор "Пахтакор" ғалаба қозонган, 4 марта дуранг ва 5 бор самарқандликлар ғалабаси кузатилган. "Шерлар" гол уриш борасида 71:20 ҳисобида олдинда боришяпти. Самарқанддаги охирги уч ўйинда мезбонлар ютқазишмаган. Ўша беллашувларда 1:1, 2:1 ва 0:0 ҳисоблари қайд этилган. Меҳмондаги барча баҳсларда мезбонларнинг 4 ютуғи, 4 дуранг ҳамда 10 бор пахтакорчиларнинг зафари кузатилган.
Ёшлар таркиблари ўртасидаги беллашув 7 апрель куни СОЗК стадионида соат 16:00да бошланади. Унда тошкентликлар оқ ва сариқ йўл-йўл либосда майдонга тушади. Асосий таркиблар учрашуви эса 8 апрель, якшанба куни "Динамо" стадионида 16:00да старт олади. Унда "шерлар" кўк-оқ йўл-йўл рангдаги либосларда майдонга чиқиб келишади. Асосий жамоа бугун тушга яқин Самарқанд сари йўлга чиқади.
Беллашув расмийлари рўйхати билан қуйида танишиб олинг:
«Динамо» (Самарқанд) – «Пахтакор» (Тошкент)
Ҳакамлар: Валентин Коваленко (Тошкент), Рафаэль Илёсов (Тошкент), Маъмур Саидқосимов (Тошкент), Рустам Бобомуродов (Навоий).
Назоратчи: Владимир Штерн (Тошкент).