2021 йилнинг 1 декабрь куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ижро органининг 018/75-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ “Севинч” аёллар футбол клуби белгиланган тартибда қўшиш бўйича тугатилиб, футбол клубининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, бошқарувини такомиллаштириш, клуб фаолиятини ривожлантириш, унинг нуфузини янада ошириш мақсадида “Насаф” футбол клуби таркибига қўшилган.
Мазкур жараёнда “Севинч” ва “Насаф” клубларидаги бир-бирини такрорловчи ортиқча штат бирликларини мақбуллаштирилиши натижасида “Севинч” жамоасининг бошқарув таркибини қайта кўриб чиқиш мақсад қилинган. Яъни, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ клублардаги ортиқча ҳаражатларни камайтиришга қарор қилган. Эндиликда “Насаф”нинг малакали мутахассислари “Севинч” футбол жамоаси фаолиятини ташкил этишда бевосита иштирок этади.
“Севинч” футбол клуби “Насаф” футбол клубига қўшилганидан келиб чиқиб, 2022 йилнинг 21 январь куни қайта давлат рўйхатидан ўтказилган. Мазкур аёллар жамоаси жаҳонда ўз номи ва ўрнига эга эканлигидан келиб чиқиб, “Севинч” номи сақлаб қолинган. Шундан келиб чиқиб, “Насаф” аёллар жамоаси “Севинч” номи билан ЎзПФЛ мусобақаларида иштирок этади.
Маълумот учун, ОФК лицензиялаш регламентига кўра, ҳар бир эркаклар клуби қошида аёллар жамоасининг бўлиши тавсия этилади.