"Барселона" ҳимоячиси Сержиньо Дест фаолиятини Италия А сериясида давом эттириши мумкин. 21 ёшли футболчининг хизматларига "Рома" клуби қизиқиш билдирмоқда, деб хабар беради "Correira Dello Sport".
Манбага кўра, каталонияликлар америкаликни 20 миллион еврога сотишга тайёр, футболчининг ўзи "Рома"га ўтишга қарши эмас.
Аввалроқ, "Монако" футболчини сотиб олмоқчи экани хабар қилинганди. Дест испан жамоасига 2020 йил октябрь ойида “Аякс”дан 21 миллион евро эвазига келиб қўшилган эди. Унинг Каталония клуби билан шартномаси 2025 йилнинг 30 июнида тугайди. "Transfermarkt" портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 18 миллион еврони ташкил қилади.
Америкалик футболчи жорий мавсумда Ла Лиганинг 16 ўйинида 3 та голли узатмани амалга оширди.