Бугун Фарғона вилояти Яйпан шаҳрида Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви билан 2022 йилги мамлакат футбол мусобақаларига старт берилади. Орадан бир ҳафта ўтиб миллий чемпионат ва биринчилик баҳслари бошланади. Ундан кейин эстафетани Про лига, Биринчи лига, ёшлар ва ўсмирлар жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатлари қабул қилиб олади, Аёллар Олий лигаси йўлга тушади.
Бу каби кенг кўламли мусобақаларни қабул қилиш учун эса барча қулайликларга эга стадионлар, сифатли футбол майдонлари керак бўлади. Пойтахт вилоятининг энг шимолий қисмида жойлашган Бекобод шаҳри эса катта футбол мусобақаларини қабул қилишга шай, дейиш мумкин. Чемпионат ва биринчилик ўйинлари ўтказиладиган шаҳардаги иккита асосий стадионда сўнгги пардозлар ишлари кетаяпти. “Металлург” марказий стадионида футбол майдони деярли идеал кўринишга келди. Майдон чими бир текис ва ям яшил тусга кириб, кўзни қувонтиради. Мавсумлар оралиғидаги танаффус пайтида стадион маъмурияти катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Майдонга керакли ўғит, қум, тупроқ тўшалди. Суғориш, парвариш ишлари режага мувофиқ вақтида бажариб борилди. Бу ҳафта махсус техника воситаси ёрдамида майдонга керакли юклама берилиб, унинг равонлиги тартибга келтирилди. Стадиондаги овоз карнайларининг созлиги қайта текширувдан ўтказилди. Бугун шунингдек стадион ёритқичларининг ҳолати ҳам қайта кўриб чиқилди. Прожектор воситаларининг бевосита майдонни биртекисда ёритишини таъминлаш борасида созлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, марказий стадионда футболчиларнинг кийиниш, ювиниш, ҳакамлар, ўйин комиссари хоналари, матбуот анжуманлари зали жорий таъмирдан чиқарилди. Стадион трибуналари, нуфузли меҳмонлар учун CIP ҳамда VIP ложалари, ОАВ воситаси ходимлари бўлмаси, ТВ шарҳловчилар хонаси, ТВ тасвирчилари махсус жойлари тартибга келтирилди.
Ўзбекистон U-21 биринчилиги баҳсларини қабул қилувчи “Металлург” стадионида ҳам таъмирлаш ишлари поёнига етиб бормоқда. Бу стадионда ҳам кийиниш ва ювиниш, ҳакамлар, учрашув комиссари хоналари капитал таъмирдан чиқарилди. Янги жиҳозлар, стол, стул, ўриндиқлар қўйилмоқда. Пардозлаш, буёқ ишлари ҳам охирлаб қолди. Бундан ташқари стадионнинг трибуналари ҳам тартибга келтирилди. Мухлислар учун зарур қулайликлар яратилди. Дарвозалар ортига махсус устунлар ўрнатилиб, буялди. Тўпнинг узоққа кетиб қолмаслигини таъминловчи махсус тўрлар осилди. Стадион майдонига ҳам қайта ишлов берилди. Қум тўшалди, ўғит солинди. Майдоннинг равонлигини таъминловчи махсус машина хизматидан фойдаланилди. Суғориш тизимидаги носозликлар бартараф этилди. Бир сўз билан айтганда Бекобод шаҳри, унинг аҳолиси, шаҳар атрофида – туман ва хўжаликларда истиқомат қилувчи футбол мухлислари янги мавсумнинг бошланишини сабрсизлик билан кутишмоқда.