Кириш Регистрация

"90min". Дунёнинг энг яхши дарвозабонлари (янгиланган)

Баҳо:
+ | -

Биласизми, айнан дарвозабонлар борасида энг яхшиларни танлаб олиш доимо қийин кечади. Негаки, бу позиция эгалари нисбатан барқарор ҳаракат қилади. Турли қарашлар мавжуд бўлишига қарамай, биз улар ичидан ўн кишини танлаб олдик. Улар билан қуйида танишишингиз мумкин.

Жордан Пикфорд – "Эвертон"

Гарчанд Пикфорднинг АПЛдаги асосий фаолияти мемларга сабаб бўлган эрсада, сўнгги йилларда у ўса олди. Пикфорд ўз жамоасига энг кўп фойда олиб келган футболчи сифатида қаралади. Қолаверса, ушбу дарвозабон Англиянинг асосий посбонидир. Агарда Евро-2020 финали инглизлар фойдасига ҳал бўлганида Пикфорд ҳатто миллий қаҳрамон даражасига чиққан бўларди. Афсуски, ундай бўлмади...

Янн Зоммер – "Мюнхенгладбах"

"Боруссия М" клуби гарчанд камтарингина бюджетга эгалик қилса ҳам, сўнгги мавсумларда Бундеслигада рақобатбардош жамоа сифатида шакллана олди. Клубнинг ҳимояланиш услуби кўпинча уларга натижа тақдим этади. Бундай тактикага эга жамоалар эса албатта яхши дарвозабонга эга бўлиши шарт. Бусиз бўлмайди. Янн Зоммер ана шундай талантлардан биридир. У ўтган йили Швейцария терма жамоаси билан бирга Франциядек ҳайбатли кучни пенальтилср сериясида турнирдан мосуво қилганди. Бу каби ишлар эса Зоммернинг ёрдамисиз амалга ошмайди. У бу мавсумда ҳам юксалишда давом этади.

Самир Ханданович – "Интер"

"Интер" афсоналаридан бирига айланиб улгурган футболчида сўнгги пайтларда бироз пасайиш кузатилгандек бўлди. Аммо бу нарса жамоасининг зиёнига кўп ҳам юрмади. Ўтган мавсумни чемпионлик билан якунлаган "Нераззурилар", нималарга қодир эканини исботлаб берди. Уларнинг ичида Ханданович ҳам бор эди ва у катта кўламдаги вазифани бажарди. Чемпионлик Самир фаолиятидаги илк катта соврин ҳисобланади. Балки у бу мавсум ҳам нималаргадир умид қилса бўлар...

Войцех Шесни – "Ювентус"

Турин клуби дарвозаси ишончли қўлларда эди. Аммо Шесни вақтида Буффондан асосий постни тортиб ола билди. Бу осон бўлмагани аниқ, албатта. Польша терма жамоаси аъзоси Италияда илк бор "Рома" таркибида кўриниш беради. У 2015 йилда "Арсенал"дан Римга келган эди. Кейинчалик эса "Ювентус"да порлай бошлади ва буни давом эттирмоқда.

Эми Мартинес – "Астон Вилла"

Ҳа, сўнгги икки-уч йил Мартинес фаолиятида катта ўзгаришларга бой кечди. У дастлаб, 2020 йилда "Арсенал" сафида Англия кубоги ҳамда суперкубогини қўлга киритди. "Астон Вилла"га ўтиб, ёрқин порлаб чиқди. Бунинг натижасида эса Аргентина термасида асосий посбонга айланди. Ўтган ёзда у жамоаси билан Копа Америка ғолибига айланди. Бу орқали Мартинес Месси ҳурматини қозона олди.

"Марк-Андре тер Штеген – "Барселона"

Немис футболчиси дарвозабонларга хос бўлган барча хусусиятларга эга. Айниқса, ҳужим чизиғига тўпни узатиб беришни, тер Штеген Андреа Пирло каби амалга оширади. Узоқ йиллардан бери "Барселона" биринчи рақамини ўзиники қилиб келаётган посбон дунёнинг энг яхшиси сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Албатта, айни дамда "Барса" қайта қуришга муҳтож ва шундай ҳам қилинмоқда. Аммо дарвозабон жойи ўзгармас. Шундай экан, уни ўзгартиришга ҳожат йўқ.

Эдерсон – "Манчестер Сити"

Пеп Гвардиола Эдерсонни "Ман Сити"даги энг яхши пенальти тепувчи қилиши ҳақида айтганда, ҳамма унга ишонган эди. Дарҳақиқат, бразилиялик футболчи шу қобилиятни ҳам яхши ўзлаштирди. Эдерсон ўта сифатли посбон ва бу унинг натижаларида ўз аксини топмоқда. Гвардиола ундан ҳатто сўнгги ҳимоячи сифатида ҳам фойдаланади. Ушбу жиҳат Эдерсоннинг қадрини оширади.

Эдуар Менди – "Челси"

"Челси"нинг биринчи рақамли посбони бўлишга улгурган Менди, жамоага яхши мослашиб кета олди. У қисқа вақт ичида Лондонда муваффақиятга эришди. Сенегал терма жамоаси аъзоси Томас Тухель даврида ўсиб бормоқда. Унинг Африка ҳамда Жаҳон чемпионига айлангани, энг яхши дарвозабонлигини яна бир бор исботлайди. Шундай экан, у рўйхатда бўлишга лойиқ.

Алиссон Бекер – "Ливерпуль"

"Ливерпуль" Алиссон учун 2018 йилда 70 миллион фунт сарфлаганида, бутун медиа олами жар солганди. Ўшанда собиқ "Рома" дарвозабонининг қобилияти шубҳа остига қўйилади. Аммо ўтмишда жамоа устидан кулганлар энди нима деркин?
Бразилия терма жамоаси аъзоси аввалги посбон йўл қўйган хатоларни ёпди. У ҳам ҳимоячи ролини ҳам классик дарвозабон вазифасини қойилмақом қилиб бажара олади. Бекер "Ливерпуль"га келганидан буён жамоани АПЛ, Европа ҳамда Жаҳон чемпиони қилишда беқиёс ҳисса қўшди. Шу сабаб у ўзига сарфланган пулларни тўлиқ оқлади, дейиш мумкин.

Мануэль Нойер – "Бавария"

Нойер бугунги замонавий футболдаги дарвозабон вазифаларини қайта тақсимлашда катта роль ўйнаган. У ҳозир ҳам дунёнинг энг яхши "тозаловчи-дарвозабони" сифатида тан олинади. Ҳа, унинг даври ўтиб бормоқда. Аммо яқин ўтмишда немис футболчиси ютмаган соврин қолмади-да. Бизнингча, ҳар жиҳатдан Нойер ҳали ҳам топ!

 


Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси

Манба: 90min.com
Киритилди: 22:00, 27.02.2022.
Ўқилди: 2959 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.