«Арсенал»нинг янги тарихида мана уч йилдирки, Микель Артета ҳукмронлик қилмоқда. Унга раҳбарият етарличи вақт берди ва жамоани қайта шакллантириш вазифасини қўйди. Айни дамда эса ушбу жараён (лойиҳа) ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Сўнгги хабарларда, жамоа келаётган ёзда кўплаб футболчиларини сотиши ҳақида айтилади. Албатта, бунда жамоадан кетадиганлар ўрнини тўлдириш ҳам керак бўлади. Шу боисдан, «Арсенал»ни ёзда катта ўзгаришлар кутмоқда, дейишимиз мумкин. Клуб янги мавсум олдидан олтитагача футболчи харид қилишни кўзлаб турибди. Улар ичида иккита номинал ҳужумчи ҳамда камида битта ярим ҳимоячи бўлади. Харҳолда, Микель Артета ушбу мақсадни «устувор вазифа» деб атади.
«Тўпчилар» жорий мавсумни ўта ёмон бошлаганига қарамай, айни дамга келиб, ЕЧЛ учун асосий даъвогар сифатида эътироф этилмоқда. Жамоа бешинчи ўриндаги «МЮ» билан бир очко фарққа эга ва захирада учта ўйини мавжуд. Бу йўлда Микель Артета жуда кўп тўсиқлардан ўтишига тўғри келди. Клуб ўтган ёзда 6 та футболчи харид қилиб, уларга жами 150 миллион фунт сарфлаган эди. Шу билан бир пайтда, ўша даврнинг ўзида юқори маошга эга футболчиларга жавоб берилган. Ушбу ёзда эса клуб яна олтита янги футболчига эҳтиёж сезмоқда. Шунингдек, «Арсенал» Букайо Сака, Эмиль Смит-Роу, Габриэль Мартинелли каби муҳим футболчилар билан янги битим тузиши талаб этилади.
Кетган ва кетиши кутилаётган Обамеянг ҳамда Ляказетт ўрнига иккита ҳужумчи, битта сифатли ярим ҳимоя вакили, вингер, шунингдек, ўнг қанот ҳамда чап қанот ҳимоячилари хариди жамоа учун етарли бўлади. Албатта, ушбу трансферлар учун анча маблағ талаб этилади. Раҳбариятнинг пул ажратиши эса, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш билан ҳам боғлиқдир. Клубнинг расмий раҳбари Жош Кронке ўз интервьюларидан бирида, Артетадан илгари жамоа ЕЧЛ баҳслари учун Европа лигаси учун ажратиладигани каби кам маблағ (яъни режадагидан анча кам) сарфланганини айтиб ўтганди. Бу мавсумдан эса ЕЛ буджети, ҳатто бонус сифатида тақдим этилиши мумкин!
Ҳозиргача клуб ҳужум чизиғига Калверт-Льюин, Александер Исак, Жонатан Девид ҳамда Дарвин Нуньес каби номларни кўриб чиқишга улгурган. Шунингдек, «Челси» тарбияланувчиси Армандо Броя учун ҳам қизиқишлар йўқ эмас.
Ярим ҳимоя учун эса Юри Тилеманс, Рубен Невеш ҳамда Дуглас Луис номи қайд этилади. Ушбу футболчилар АПЛнинг энг кўзга кўринган вакиллари саналади. Айни дамда юқоридаги ярим ҳимоячилар ҳолати ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Хусусан, Юри Тилеманс «Лестер» билан 2023 йилга қадар мўлжалланган битимини узайтиришга шошилмаяпти. «Вулверхэмптон» эса Невешни 30 миллион фунт атрофидаги таклиф учун сотишини инкор этмаган. Португалиялик футболчи Англияга келишидан илгари «Порту» билан ЕЧЛда иштирок этган эди (2017). Невешнинг ўзи ҳам каттароқ клубга кетиш ниятини яширмайди.
Шундай қилиб, «Арсенал» олдида аввалига ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш, кейин эса хос футболчилар харид қилиш масаласи турибди. Ушбу вазият Микель Артетадан ақл билан иш тутишни талаб қилади. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
ИСМАТОВ Ж.