ОЧЛ-2012да илк бора «Бунёдкор» иштирокидаги ўйинга шарқий осиёлик ҳакамлар бригадаси тайинланди.
ОЧЛ «Е» гуруҳи 5-туридан ўрин олган, 2 май куни Австралиянинг Аделаида шаҳрида бўлиб ўтадиган «Аделаида Юнайтед» – «Бунёдкор» жамоалари ўртасидаги учрашувни гонгконглик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Бош ҳакам Лиу Квок Манга қанотларда Чунг Минг Санг ва Лам Чи Хо ёрдам берса, Тонг Куи Сум захира ҳаками сифатида кўрсатилган.
Гонгконгнинг энг иқтидорли футбол реферилардан бири ҳисобланган Лиу Квок Ман 2008 йилдан ҳалқаро миқёсдаги ўйинларни бошқариб келади. У 2012 йилдан бошлаб ОЧЛ ўйинларига ҳам жалб этилмоқда. 33 ёшли Лиу Квок Ман «Бунёдкор» иштирокидаги ўйингача «G» гуруҳидаги «Сентрал Кост» (Австралия) – «Нагоя Грэмпус» (Япония) учрашувини (1:1) ва «Нагоя Грэмпус» – «Тианжин Теда» (Хитой) учрашувини (0:0) бошқариб борган.
Лиу Квок Ман бунгача ҳам ўзбек клублари иштирокидаги ўйинларни бошқариб борган. Хусусан, у 2011 йилги ОФК Кубоги нимчорак финал учрашувида «Ал-Виҳдат» (Иордания) – «Шўртан» ўйинини (2:1) бошқариб борган бўлса, ярим финалда энди «Насаф» – «Ал-Виҳдат» баҳсида (1:0) бош ҳакамлик қилган.
Бунгача «Бунёдкор» иштирокидаги ўйинларга асосан Ғарбий Осиё мамлакатларидан ҳакамлар тайинланаётганди. «Аделаида»га қарши 1-тур учрашувида ливанлик, «Поханг»га қарши 2-тур учрашувида амирлик ҳакамлик ишлашган эди. «Гамба Осака»га қарши 3-тур учрашувида дастлаб эронлик ҳакамлар бригадаси бошқариб бориши билдирилган, бироқ ўйинга бир неча кун қолганида эронлик бош ҳакам таиландлик ҳамкасбига алмаштирилган эди.
ОЧЛ, «Е» гуруҳи, 5-тур учрашуви
«АДЕЛАИДА ЮНАЙТЕД» (Австралия) – «БУНЁДКОР» (Ўзбекистон)
Бош ҳакам: Лиу Квок Ман (Гонгконг).
Ён қанот ҳакамлари: Чунг Мин Санг, Лам Чи Хо (иккиси ҳам – Гонгконг).
Захира ҳаками: Тонг Куи Сум (Гонгконг).
Комиссар: Лаи Бун Тек (Сингапур).
Назоратчи: Ли Ки Йонг (Жанубий Корея).