Питер Грин «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан сўнг «Насаф»нинг ҳам ўйинини бошқарадиган бўлди.
ОЧЛ «А» гуруҳи 5-туридан ўрин олган, 2 май куни БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ал-Жазира» – «Насаф» учрашувини австралиялик ва малайзиялик ҳакамлардан ташкил топган бригада бошқариб боради. Австралиялик бош ҳакам Питер Гринга қанотларда ҳамюрти Брэд Ҳобсон ва малайзиялик Муҳд Сабри Бин Довуд ёрдам берса, малайзиялик Суҳайзи Бин Шукри тўртинчи ҳакам сифатида кўрсатилган.
33 ёшли Питер Грин 2006 йилдан бери ОФК ва ФИФА байроғи остида ўтказилаётган мусобақаларда ҳакамлик қилиб келади. Грин ОЧЛ баҳсларига 2009 йилдан бери жалб этилади, 2012 йилги мавсум ҳисобидан у ҳозиргача битта – «Н» гуруҳидаги «Кашива Рейсол» (Япония) – «Чонбук Моторс» (Жанубий Корея) ўйинида (5:1) ишлади.
Питер Грин бунгача ҳам ўзбек жамоалари иштирокидаги ўйинларни бошқарган. Хусусан, 2009 йилнинг 11 март куни ОЧЛда дебют қилган австралиялик ҳакам шу куни Тошкентнинг «Бунёдкор» ҳамда Саудиянинг «Ал-Иттифоқ» жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқариб борган. Ўйин 2:1 ҳисобида Ўзбекистон чемпиони фойдасига ҳал бўлган. Ўша мавсумдаги иккинчи ўйини ҳам ўзбек жамоаси иштирокида бўлган – Тошкентда бўлиб ўтган «Пахтакор» – «Саба Баттери» (Эрон) ўйинида ҳам ўзбекистонликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган.
Питер Грин 2011 йилги мавсумда ҳам «Пахтакор» иштирокидаги ўйинда бош ҳакамлик қилди. Саудия Арабистони пойтахти Риёд шаҳрида бўлиб ўтган «Ан-Наср» – «Пахтакор» ўйинида тошкентликлар 0:4 ҳисобида имкониятни бой беришган.
ОЧЛ, «А» гуруҳи, 5-тур учрашуви
«Ал-ЖАЗИРА» (БАА) – «НАСАФ» (Ўзбекистон)
Бош ҳакам: Питер Грин (Австралия).
Ён қанот ҳакамлари: Брэд Ҳобсон (Австралия), Муҳд Сабри Бин Довуд (Малайзия).
Захира ҳаками: Суҳайзи Бин Шукри (Малайзия).
Комиссар: Ҳасан Ғаффорий (Эрон).
Назоратчи: Сун Баожие (Хитой).