«Бунёдкор»нинг ўйинини бошқаришга улгурмаган ҳакам «Пахтакор»нинг «Ал-Иттиҳод»га қарши учрашувида хизмат қилади.
ОЧЛ «В» гуруҳи 5-туридан ўрин олган, 2 май куни Тошкентдаги «Жар» стадионида бўлиб ўтадиган «Пахтакор» – «Ал-Иттиҳод» (Саудия Арабистони) учрашувини эронлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Бош ҳакам Муҳсин Туркийга қанотларда Муҳаммадризо Абулфазлий ва Расул Фароғий ёрдам берса, Муҳсин Қаҳрамоний захира ҳаками ҳаками сифатида кўрсатилган.
38 ёшли Муҳсин Туркий сўнгги йиллардаги Эроннинг энг кучли ҳакамларидан бири ҳисобланади. У 2009 йили «Истиқлол» ва «Пирузи» ўртасидаги Теҳрон дербисини бошқариб, бунгача бўлган сўнгги 14 йил давомида бундай шарафга муносиб кўрилган илк эронлик ҳакам бўлганди.
Туркий халқаро фаолиятини 2003 йил бошлаган. ОЧЛ баҳсларида эса 2006 йилги мавсумдан бери ишлаб келади. 2012 йилги мусобақа гуруҳ босқичи ҳисобидан ҳозирча фақат битта — «Брисбэн Роар» (Австралия) – «Ульсан Хёндай» (Жанубий Корея) учрашувини («F» гуруҳи, 4-тур; 1:2) бошқарган. Муҳсин Туркий «Е» гуруҳидан 3-туридан ўрин олган «Гамба Осака» – «Бунёдкор» ўйинида ҳам бош ҳакамлик қилиши керак эди, аммо ўйинга бир неча кун қолганида унинг ўрнига таиландлик Чайя Маҳапаб тайинланган эди.
Шунга қарамай, Муҳсин Туркий 2012 йилги ОЧЛ доирасида ўзбек клуби иштирокидаги ўйинда бош ҳакамлик қилган. Туркий бошқарган ва 18 февраль куни бўлиб ўтган ОЧЛ саралаш плей-офф учрашувида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси Дубайнинг «Аш-Шабоб» клубига 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмаган эди.
2011 йилги мавсумда эса Муҳсин Туркий Иорданиянинг «Ал-Виҳдат» ҳамда Қаршининг «Насаф» жамоалари ўртасидаги ОФК Кубоги ярим финал дастлабки учрашувида ишлаган. Ўша учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилган эди.
ОЧЛ, «В» гуруҳи, 5-тур
«ПАХТАКОР» (Ўзбекистон) – «Ал-ИТТИҲОД» (Саудия Арабистони)
Бош ҳакам: Муҳсин Туркий (Эрон).
Ён қанот ҳакамлари: Муҳаммадризо Абулфазлий, Расул Фароғий (иккиси ҳам – Эрон).
Захира ҳаками: Муҳсин Қаҳрамоний (Эрон).
Комиссар: Аҳмад Шоҳир (Мальдив ороллари).
Назоратчи: Ҳусайн Хадҳанфирий (Кувайт).