Жорий мавсум олдидан ҳамма ҳам Дарвин Нуньеснинг кимлигини танимас эди. Энди эса, нафақат Португалия ва Испанияда, балки бутун дунё уни олқишлай бошлади. Уругвайлик ҳужумчига машҳурлик, ЕЧЛ гуруҳ босқичидан кейин келди. Ўшанда «Барселона» 3-0 ҳисобида таслим этилган, Ёш Дарвин эса иккита гол уришга эришганди. Бу паллада у «Барса»нинг тушкунликка тушган мудофаасини пароканда қилган. Дарвин Нуньес яқиндагина «Бенфика»ни чорак финалга олиб чиққан ўйинда, «Аякс»га қарши ғалаба голига муаллифлик қилган эди.
Умуман олганда, Нуньес йиллар давомида «Барселона»нинг «бурни остида» бўлиб келди. Уларда ҳужумчини сотиб олиш учун ҳар хил ва кенг имкониятлар бор эди. У Сегунда жамоаси бўлмиш, «Альмерия»да тўп сурарди. Аммо, ана энди Нуньесга эгалик қилишга даъвогарлар кўпайган. Уларнинг кўпчилиги АПЛ клубларидир. 22 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда «Бенфика» сафида 29 та ўйинда 24 та голда бевосита иштирок этган эди (10 та ассист, 14 та гол). Бунисида эса, гол уриш кўрсаткичи 26 тани ташкил этади. Нуньеснинг яқин йиллардаги сермаҳсуллиги аллақачон унинг ватандоши бўлган Луис Суареснинг эътирофига сазовар бўлган.
«Бенфика»нинг собиқ бош мураббийи Жоржи Жезуш 2021 йилда Дарвин Нуньес ҳақида фикр билдирар экан, уни Жоау Феликсдан қимматроқ сотилиши кераклигини айтади (126 миллион фунт). У жумладан шундай дейди: «Дарвин "Бенфика"нинг энг қиммат хариди бўлган эди. Агарда пандемия бўлмаганида, уни рекорд қийматда сотган бўлардик. У тез орада жаҳон даражасидаги футболчига айланади. Биз уни олиб, тўғри қарор қилганмиз. Биз Нуньесни ҳали бола эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. У эндигина 21 ёшда. Дарвинни футболда билиб олиши керак бўлган нарсалари бор, албатта. У мен ва "Бенфика" билан буни ўрганиб боради».
Қайси клублар Нуньесга қизиқмоқда?
Ҳужумчи «Бенфика»га йўл олгани билан, унга «Барселона» азалдан қизиқиб келган. Жамоа айни дамда ҳам Дарвин учун ҳаракат қилишга тайёр. Бироқ, «Барселона», аввалига бундай йирик харид учун молиявий жиҳатдан тайёр бўлиши талаб этилади. Каталонияликларнинг собиқ ҳужумчиси Суарес ўзи билан бўлган интервьюда клубни Нуньес борасида ҳаракатга чорлаганини айтиб ўтади: «Мен раҳбариятга уни қаттиқ кузатишини, имкон бўлганда эса, сотиб олиш кераклигини айтгандим. "Барса"дагилар эса Нуньесни "Альмерия"да ўйнашини ва ўта ёш эканини рўкаж қилганди. Мен 15 йилдан бери халқаро футболдаман. Шу сабабдан ҳужумчиларнинг фарқига бора оламан».
22 ёшли уругвайлик форвардга «Вест Хэм» ҳам даъво қила бошлаган. Лондон жамоасининг январдаги ойнада юборган таклифи «Бенфика» томонидан дарҳол рад қилинганди.
Шунингдек, Нуньес анчадан буён «МЮ» эътиборида турибди. Клуб уни Криштиану Роналду ўрнига номзод сифатида кўрмоқда. Қолаверса, АПЛдан «Брайтон» ҳамда «Ньюкасл» ҳам ушбу пойгага қўшилиши мумкинлиги айтилади. Хусусан, «Ньюкасл» ўз молиявий имкониятидан фойдаланиб, Дарвин Нуньес учун сўралаётган нарх – 80 миллион еврони тўлаш истагини билдирган. Аммо Нуньес каби очилиб бораётган талантли футболчи, айни дамдаги ўртамиёна жамоага ўтадими ёки йўқ, мана бу жиддий савол...
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси