Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 2-1 Германия
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

Олий лига-2012. 5-тур иқтибослари

Баҳо:
+1 | -

Кутилмаган натижаларнинг қайд этилиши Олий Лиганинг 5-турида ҳам давом этди ва бу сафар ҳам амалдаги чемпиони — «Бунёдкор» диққат марказда бўлди. Пешқадамлик эса, «Шўртан» (2-тур), «Бунёдкор» (3-тур) ва «Пахтакор»дан (4-тур) сўнг, «Насаф»га насиб этди.

21 апрель, шанба
«МЕТАЛЛУРГ» – «НАВБАҲОР» 0:0
«Металлург» ушбу ўйиндан аввал сафарда «Шўртан»ни мағлубиятга учратган эди. «Навбаҳор» эса ўз майдонида амалдаги мамлакат чемпиони – «Бунёдкор»ни таслим этганди. Мавсумнинг дастлабки уч учрашувида, баъзи ички муаммоларга дуч келгани сабаб, «Навбаҳор» тўққиз имкониятдан бор йўғи биттасини қўлга киритган, атиги битта гол уриб, ўз дарвозасидан еттита гол ўтказиб юборганди. Бироқ, «Металлург» бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг айтишича, «оз бўлса-да, «Навбаҳор»да ҳам имкониятлар бўлди, бироқ меҳмонлар ҳам гол ура олишмади».

Рустам Мирсодиқов, «Металлург» бош мураббийи:
«Футболда омадга кўп нарса боғлиқ. Олдиндан мен ғалаба қозонаман деб бўлмайди. Умуман, 2-3 йилдан буён чемпионатимиз савияси бир хил кўринишда. Бу йил ҳам ҳеч бир жамоа тўғрисида олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Мисол учун, мана, "Навбаҳор" "Бунёдкор"ни мағлубиятга учратган ҳолатини ёдга олайлик. Шунинг учун олдиндан у ёки бу жамоа ютади деб бўлмайди».

«ДИНАМО» – «МАШЪАЛ» 2:0
Голлар:
Л. Кошелев (74, пенальти), Р. Аҳмедов (81).
1-3-турларда кетма-кет учта мағлубиятга учраган «Динамо» сўнгги икки турни айниқса омадли ўтказмоқда. Мавсумнинг дастлабки учта ўйинида рақиб дарвозасига бирорта ҳам гол ура олмаган Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари сўнгги икки баҳсда жами бешта гол уриб, 14-ўриндан 7-ўрингача кўтарилишди. «Машъал» эса мавсумдаги иккинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Фомичёв шогирдлари бу мавсум ҳали ўз дарвозаларидан бир учрашувда иккита тўп олиб чиқишмаганди.

Аҳмад Убайдуллаев, «Динамо» бош мураббийи:
«Натижадан қониқдим лекин кўрсатган ўйинимиздан эмас. Хатоларимизни бартараф этишимиз керак. Ўйлайманки ўйиндан-ўйинга жамоа ўйини кучайиб бориб, мухлисларни хурсанд этишда давом этамиз... Энг катта йўқотишларимиздан бири Дэвид Ония бўлди. Аминманки, агар Ония сафимизда бўлса, ўша ўйинларда ҳам «Насаф», «Нефтчи» ва «Пахтакор»га мағлуб бўлмасдик. Чунки ўша ўйинларда ҳимоядаги хатоларимиз эвазига мағлуб бўлгандик. Шунингдек, терма жамоадан сафимизга қайтган Салим Мустафоев ва Иван Нагаевлар ҳам секин-аста ўйин услубимизга мослашаяптилар».

Владимир Фомичев, «Машъал» бош мураббийи:
«Жамоа ғалаба қозонди, демак улар биздан яхшироқ ўйнашди. Умуман олганда «Динамо»нинг сўнгги ўринларни тарк этиб, камида кучли бешлик учун курашишига ишонгандим. Тўғрисини айтсам, жамоадан кўра мени ташкилий ишлар қувонтирди. Бунинг учун клуб, стадион ва шаҳар раҳбариятига ҳар қанча раҳмат айтсанг арзийди. Мухлислар билан тўлган чиройли стадион, ажойиб майдон, ташкилий ишлар барча-барчаси юқори савияда ташкил қилинганлигини алоҳида қайд этиб ўтишни истардим. Мана шундай муҳит футбол учрашувини безайди. Хоҳлардимки, бошқа айрим майдонлар ҳам Самарқанддагидек бўлса. Ўшанда футбол жозибаси йўқолмайди. Бу жамоа ўз олдига халқаро майдонларга чиқишни ва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга муносибдир».

«БУХОРО» - «ШЎРТАН» 0:1
Гол:
В. Клишин (6).

22 апрель, якшанба
«ОЛМАЛИҚ» – «ҚИЗИЛҚУМ» 2:2
Голлар:
З. Холмуродов (18), С. Бердиев (70) — Ш. Жўраев (5), Ғ. Ўрунов (23). «Металлург» стадионида қайд этилган натижадан сўнг, ушбу икки жамоа Олий Лига-2012нинг энг кўп дуранг ўйнаган жамоаларига айланишди. Иккала жамоанинг қайд этган кўрсаткичлари бир хил: ўзаро ўйингача бир мартадан уйда ва сафарда дуранг, битта уй учрашувида ғалаба ва яна бир сафар баҳсида мағлубият. 6-турда «Олмалиқ» «Шўртан» меҳмони бўлади ва Ғузордаги футбол ишқибозлари ажойиб футбол спектаклига гувоҳ бўлишларини ҳозирдан тахмин қилса бўлади. «Қизилқум» эса «Прогресс» стадионида сўнгги сўнгги икки турда ўйини ва натижаларида «прогресс» кузатилаётган «Динамо»ни қабул қилади.

Игорь Шквирин, «Олмалиқ» бош мураббийи:
«Қизилқум»га қарши ўйин арафасида таркиб танлаш борасида муаммоларимиз бор эди. Айнан марказий ҳимоядаги йўқотишларимиз ҳимояда палапартишликлар юзага келтирди. Икки марта ҳисобда ортда бориб, тенглаштиришга муваффақ бўлдик. Афсуски, ғалаба қозонишимиз учун яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олмадик».

Равшан Ҳайдаров, «Қизилқум» бош мураббийи:
«Биринчи таймда анча яхши ўйин намойиш этдик. Иккинчи таймда эса жамоамиз намойиш этган ўйиндан умуман қониқмадим. Ҳисобни ушлаб қолишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам ўйин тизгинини ҳам тўпни назорат қилишни рақибга бериб қўйдик. Ҳимояда узоқ вақт бехато ўйнаб бўлмайди».

«БУНЁДКОР» - «ЛОКОМОТИВ» 1:1
Голлар:
Я. Козак (16) – Д. Раҳматуллаев (3).
Ўз вақтида «Пахтакор» сафида ёнма-ён тўп сурган футболчилар – Миржалол Қосимов ва Хорен Оганесян орадан йиллар ўтиб, мураббий сифатида баҳс олиб боришди. Бир йиллик танаффусдан сўнг Олий Лигадаги «Локомотив» иштирокидаги «Тошкент дербилари» қайта тикланди. Мавсум ҳисобидан дастлабки шундай дербида «Бунёдкор» ва «Локомотив» муроса кўчасини танлашди. Қайд этиш жоиз, «Локомотив» ўз тарихида биринчи марта «Бунёдкор»га қарши сафар учрашувида очко қўлга киритди. Бундан ташқари, «Бунёдкор» 2007 йилнинг 3 декабридан бери биринчи марта «Локомотив»га қарши ўйинларда очко йўқотди.

Миржалол Қосимов, «Бунёдкор» бош мураббийи:
«Бунақанги старт биринчи марта кузатилиши. Бўлди, чемпионликдан маҳрум бўлдик, деб қўл силташ йўқ. Йўқотилган очколарни меҳмондаги учрашувларда қоплаш учун ҳаракат қиламиз. Бу вазиятдан чиқиб кетишимиз керак... Учрашувнинг 75-дақиқасигача яхши ўйнадик. Шу вақт мобайнида бир неча вазиятлар содир этдик. Аммо улардан унумли фойдалана олмадик. Тезкор гол киритилишида ҳакам ҳато қилди. Бу вазиятда Нестеровга нисбатан қўполлик ишлатилганди.... Сўнгги дақиқалардаги шошқалоқлик оқибатида ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Умуман олганда, бугун икки очко йўқотдик

Хорен Оганесян, «Локомотив» бош мураббийи:
«Локомотив» янги шаклланаётган жамоа. «Бунёдкор»нинг қандай жамоа эканлиги кўпчиликка маълум. Рақибни Чемпионлар лигасидаги сўнгги учрашувини диққат билан кузатдик. Ўйинга яхши тактика танлаб, руҳий ҳолатимизни ҳам яхшилай олгандик. Ўйлашимча, «Локомотив» секин-аста ўзига келмоқда. Учрашув жуда қизиқарли ва шиддатли ўтди. Шу каби ўйинлар орқали Ўзбекистонда футбол ривож топиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин».

«НАСАФ» – «АНДИЖОН» 4:0
Голлар:
Ш. Мирхолдиршоев (19, пенальти), А. Геворкян (47), И. Бошкович (71), А. Переплёткинс (90).
«Насаф» чемпионат доирасида ўз майдонидаги дастлабки учрашувни ўтказди, йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва мусобақа пешқадамига айланди. Эътиборли томони, Рўзиқул Бердиев шогирдларида ҳали захирада яна битта ўйин ҳам бор. «Андижон» эса 1-турда бир очко қўлга киритгани бўйи, кейинги 4та учрашувда 3та гол уриб, ўз дарвозасидан 8та гол ўтказиб юборди. Жамоа бош мураббийи Александр Аверьяновнинг айтишича, жамоанинг Олий Лигадаги муваффақиятсиз иштироки сабаби – «жамоада кучли ижрочилари йўқ».

Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи:
«Аввалги ўйинда мағлубиятга учраганимиз боис (ОЧЛ, «Ар-Райян», 0:1), бугун бироз йигитларга руҳий томондан босим кузатилиши кутилганди. Аммо жамоам ўз характерини кўрсатиб, керакли натижага эриша олди. Бугунги ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Энди бор эътиборимизни кейинги ўйинларга қаратиб, тайёргарликни бошлаймиз».

Александр Аверьянов, «Андижон» бош мураббийи:
«Насаф» бугун жуда чиройли футбол намойиш этиб, ҳақли ғалабага эришди. «Насаф» биздан кучлилигини исботлади. Биз рақибга ҳеч қандай қаршилик курсата олмадик. Бугунги баҳсда ҳимояда кўплаб ҳатоларга йўл қўйдик, ўйин сифати бўйича ҳам жуда ҳунук учрашувни ўтказдик. Бизнинг муваффақиятсиз иштирокимизнинг асл сабаби жамоада кучли ижрочилар йўқ. Биз ҳоҳлаган футболчиларни ҳарид қила олмаганмиз. Мени назаримда, футболчиларим менга қарши эмас, «Андижон»га қарши ўйнашди».

Маълумот учун:
-
Олий Лига-2012, 5-тур: «Насаф» Олий Лига пешқадамига айланди
-
Олий Лига-2012, 5-тур: «Динамо» кетма-кет иккинчи ғалабага эришди
-
Олий Лига-2012, 5-турдан кейинги мусобақа жадвали
-
Олий Лига-2012 биринчи давра тақвими

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати; fcmashal.uz; bunyodkor.com; fcshurtan.uz
Манба: www.pfl.uz
Киритилди: 11:16, 23.04.2012.
Ўқилди: 7306 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.