«Реал»нинг афсонавий дарвозабони Икер Касильяс «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўйинини ёқтиришини тан олди. У шунинг баробарида Мадрид суперклубининг ҳозирги футболчилари юксак эътирофга лойиқ эканликларини қўшимча қилди.
Мбаппе ва «Реал» алоқаси
- Жамоага кимнинг келиш-келмаслиги ёш футболчилар учун муҳим. Эҳтимол, агар ҳозир 22 ёшда бўлганимда, Мбаппенинг «Реал»га ўта зарурлигини айтармидим.. Лекин аллақачон 40 ёшни уриб қўйишга улгурдим ва бундай гап-сўзлар ҳеч нарса эмаслигини таъкидлайман. Килиан бугун «ПСЖ»да, эртага қаерда ўйнашини эса билмайман. Албатта, уни футболчи сифатида ёқтираман. Умид қиламанки, вақти келиб, «Реал» таркибида кўриниш беради. Лекин бундай трансферлар кўплаб омилларга боғлиқ.
«Мадрид»нинг жорий мавсумдаги иштироки
- «Реал» ички чемпионатда барқарор кетяпти, ҳаммаси тайиндек, аммо ҳали ҳеч нарса ҳал қилинмаган. Бундан ташқари, «Қироллик клуби» ЧЛда курашни давом эттирмоқда. Демак, ҳозирги жамоани олқишлаш керак.
Холанд ва Мбаппе дуэти
- Қайтараман, ҳозир на Холанд ва на Мбаппе «Реал»да, шундай экан, эҳтимолий тандем ҳақида гапириш ортиқча. Оддий айтганда, фақат кутишимиз ва таркибда мавжуд футболчилар ўйинларидан завқланишимиз керак. Ҳар ҳолда, «Реал»да ютуқлар йўқ эмас ва йигитлар эътирофга муносиблар.
Янги шахсий лойиҳаси
- Тиббиёт йўналишидаги янги лойиҳамдан мақсад - умумий фаровонлик учун нимадир қилиш, одамларга ёрдам бериш. Қисқаси, спорт доирасида бошқалар ҳаётини енгиллатиш ҳаракатидаги инсонларни қўллаб-қувватламоқчиман. Бугунги ҳаётда янги лойиҳалар глобалроқ масалаларга қаратилмоқда, аммо спортни ҳам унутмаслик керак.
АЙТГАНЧА...
Мбаппе «Реал» билан шартнома тузади!
Marca нашрининг сўнгги маълумотларига қараганда, «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе шу ҳафта давомида «Реал» билан шартнома тузади. Тўғри, 23 ёшли юлдузнинг Мадрид клуби сафига қўшилиши кейинроқ, мавсум якунида эълон қилинади. Шартлашувга биноан, Килиан келишувга имзо чеккани учун «Реал»дан чамаси 60-80 миллион евро миқдорида бонус олади. Унинг Мадриддаги йиллик маоши эса 25 миллион еврони ташкил этади. Эслатма, Мбаппе ва «ПСЖ» ўртасидаги шартнома жорий йил 30 июнь куни ўз кучини йўқотади.
Икер Касильяс суҳбат давомида «Реал» - «ПСЖ» қарама-қаршилигига ҳам тўхталиб, Париж клуби назарий томондан фаворит саналсада, «Мадрид» кейинги босқичга чиқишига ишонч билдирганди. Якунда у ҳақ бўлиб чиқди - «Қироллик клуби» жавоб баҳсини 3:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб, кучли саккизталикка кирди.
МУҲАММАДХОН тайёрлади