Мамлакатимизда умумхалқ байрами – Наврўзи олам кенг нишонланаётган кунларда Бекобод шаҳри яна бир қулайликка эга бўлди. Меҳр муҳаббат, саҳоват айёмида “Металлург” футбол клуби шаҳар аҳолиси учун “Меҳржон” спорт соғломлаштириш марказини тақдим этди. “Металлург” марказий стадионида очилган бу мўъжаз маскан шаҳар аҳолисини, имконияти чекланган болакайларни хурсанд қилди.
Барча зарур жиҳоз, анжомлар билан таъминланган ҳолда капитал таъмирдан чиқариб, фойдаланишга топширилган спорт зали имконияти чекланган болалар учун кўнгил очиш масканига айланиши шубҳа йўқ. Малакали мутахассис – мураббийлар ёрдамида улар бу масканда ўз саломатликларини тиклаш баробарида янги дўстлар билан танишишади. Ўзларини қизиқтирган мавзуларда мулоқотда бўлишади. Табиийки, уларда севимли жамоаси – “Металлург”нинг ўн иккинчи ўйинчисига айланиш имконияти ҳам мавжуд.
“Меҳржон” спорт соғломлаштириш марказининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон металлургия комбинати АЖ бошқаруви раҳбарияти, клуб мутассаддилари, “Металлург” мураббийлар штаби ва таниқли футболчилари иштирок этишди. Сўзга чиққан “Металлург” ПФК бош мураббийи Луисма Эрнандес, “Геннадий Красницкий клуби аъзоси” Зоҳид Абдуллаев, жамоа вице-сардори Фозил Мусаевлар спорт соғломлаштириш маскани ходим ва аъзоларининг фаолиятларида омад ёр бўлишини тилашди.
Шу куни Бекобод шаҳар маданият уйи санъаткорларининг чиқишлари тадбирга қўшимча файз бағишлади. Тадбир сўнгида тантанали очилиш маросимига ташриф буюрган болакайлар учун эсдалик совғалари тарқатилди. Имконияти чекланган болалар учун байрам дастурхони тузатилди, ширинликлар улашилди.