Шундай пайтлар бўлганки, инглизлар ҳужумчи борасида муаммоларга дуч келган. Аммо ҳозир ҳаммаси бошқача. Футболнинг ривожи, боша жамоаларда бўлгани каби, Англия термасига ҳам ижобий таъсир қилди. Бугун Гарет Саутгейт қўлида ҳар бир чизиқда кўплаб танловлар мавжуд. Шунингдек, ҳужумда ҳам. Қуйида Англия МТЖ ҳужум чизиғида ўйнаши мумкин бўлган футболчиларни санаб ўтамиз.
8. Каллум Уилсон – «Ньюкасл»
Уилсон мавсумнинг катта қисмида жамоасига ёрдам бера олмаяпти. Аммо у исталган клубга мос тушган бўларди. Собиқ «Бормунт» ҳужумчиси 2021 йилнинг декабридан бери майдонга тушмади. Бироқ унинг Англия терма жамоасига ёрдам бера олиши шубҳасиздир. Фақат унга имкон берилиши керак.
7. Патрик Бэмфорд – «Лидс Юнайтед»
Уилсон каби Бэмфорд ҳам ўта жиддий жароҳати сабаб Англия термаси сафидан тушиб қолган эди. Ҳужумчининг ўтган мавсумда порлаши, уни Англия сафига чақирилиши билан якун топади. У ҳозир «Лидс»га ёрдам бермоқда. Бэмфорд ўз даражасини сақлаб қола олса, яна терма жамоага чақирув олиши мумкин бўлади.
6. Дэнни Ингз – «Астон Вилла»
Ваниҳоят, Ингз ўз фаолиятининг аввалида олинган жароҳатлар заҳмидан қутила олди. Унинг «Саутгемптон»даги ўйинларини яхши эслаймиз. Ҳозир эса унинг манзили «Астон Вилла» бўлиб турибди. Айни дамда унинг майдонга туширилмаётгани, гол уришига ҳам ҳалақит бермоқда. Бу эса ҳужумчи келажагига хавф солади. Аммо Ингз тез орада ўзини тиклаб олади.
5. Иван Тони – «Брентфорд»
Бу мавсум АПЛда фақат олтита футболчигина Тонидан кўп гол урган (11 та). Бу эса «Брентфорд»дек дебютант жамоа футболчиси учун жуда яхши натижа саналади. У ҳали терма жамоага жалб қилинмаган. Аммо Тони мавсумни яхши нотада тугатса, албатта ёзги Миллатлар Лигаси мусобақасида қатнашиши мумкин.
4. Олли Уоткинс – «Астон Вилла»
Уоткинс бундан атиги беш йил олдин Англиянинг тўртинчи лигасидаги жамоада ўйнаётганига ишониш қийин. У тез орада АПЛ жамоасига ўтди. Ҳозир эса, ҳужумчи Англия терма жамоаси аъзоларидан бирига айланди.
3. Доминик Калверт-Льюин – «Эвертон»
Калверт-Льюин узоқ вақт давомида «Эвертон» сафида асосий футболчилардан бири бўлиб келди. Аммо жароҳатлар унинг ҳам муаммосига айланди. Инглиз ҳужумчиси ўтган мавсумда АПЛнинг ўзида 16 та гол уришга эришган эди. Аммо жорий мавсум «Эвертон» турнир жадвалининг пастки қисмларида қолиб кетмоқда. Доминик эса жароҳатлар сабаб ўз жамоасига узоқ вақт ёрдам бера олмади. Бу ўз навбатида Англия терма жамоасига чақирувни ҳам узиб қўяди.
2. Темми Абрахам – «Рома»
«Челси» тарбияланувчиси Томас Тухель даврида етарлича баҳоланмади. Шу сабаб ёзда «Рома»га сотиб юборилади. Абрахам Италияда нималарга қодир эканини кўрсатиб қўя олди. У ҳозирга қадар барча мусобақаларда жами 23 та гол уришга эришди. Темми ҳозирда аллақачон Англия МТЖ таркибида бўлиб турибди.
1. Харри Кейн – «Тоттенхэм»
Кейн ўз позициясида бошқа рақобатчиларидан бир бош устундир. Буни ҳамма яхши билади. У айни дамдаги Англия термаси сардори ва «Уч шерлар» таркибида энг кўп гол урган футболчига айланишга яқин турибди. Кейннинг яна бешта гол уриши, уни бу борада Уэйн Рунидан олдинга олиб чиқади. Харри Кейнсиз Қатардаги Жаҳон чемпионати ўтмаслиги аниқ, албатта.
ИСМАТОВ Ж.