Ўзбекистон кубоги «B» гуруҳининг илк турида жамоамиз «Локомотив» билан куч синашади. Бўлажак баҳс жорий мавсум ҳисобидан ўз уйимиздаги биринчи учрашувга айланади.
Ўзаро ўйинлар статистикасига кўра, барча мусобақалардаги ўтказилган жами 30 ўйинда "Локомотив" 18 ғалабани тантана қилган, АГМК эса 7 маротаба "темирйўлчилар"дан устун келган. Қолган 5 беллашувда ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати: 56-37, "Локомотив" фойдасига.
Дисквалификация муддатини ўтаб бўлган жамоамиз аъзолари — Александр Касьян ва Шоҳруҳ Гадоев бўлажак учрашувда иштирок этишлари мумкин.
• Ўйин бош ҳаками этиб Илья Ильин тайинланган. Ильин бунга қадар жамоамиз иштирокидаги бир учрашувни бошқарган ва унда «Машъал»га имконият бой берилганди. Бўлажак баҳс жамоамиз учун Ильин бошқарувидаги иккинчи ўйинга айланади.
Ўйин 7 апрель куни Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 18:00да бошланади.