Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«ПСЖ» жарлик ёқасида?!

Баҳо:
+1 | -

«Монако»дан қабул қилинган йирик мағлубият (0:3) ҳеч нимани ҳал қилмайдигандек, зеро «ПСЖ»да чемпионлик унвонини бой бериш хавфи йўқ. Аммо парижликлар ижросидаги қониқарсиз ўйин дунёнинг энг бадавлат клубларидан биридаги инқироз кўлами кенглигини кўрсатяпти, гўё. Де-факто - жамоа дастлаб Франция кубогидан, сўнгра Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиб, таътилдаёқ мотивацияни йўқотиб улгурган.

Асосий еврокубок - битмайдиган яра. Айниқса, «ПСЖ» финалгача етиб борган, ўтган баҳорда эса ҳал қилувчи ўйиндан бир қадам ортда қолганидан кейин. Ҳатто Килиан Мбаппе ҳам тан олди: «Биз 8:0 ёки 9:0 ҳисобларида ғалаба қозонишимиз мумкин, лекин одамлар барибир, ЧЛ ҳақида ўйлашади».

Ҳозирнинг ўзида кўриниб турибдики, айни пайтдаги таркиб қатарлик бойвуччаларнинг «шалпангқулоқ» кубокни қўлга киритиш орзуларини рўёбга чиқаришга қодир эмас. Биринчидан, ноқулай шароитдаги ёши ўтиб бораётган Лионель Месси, жароҳатидан ҳеч қутулолмаётган Серхио Рамос ҳамда жамоа услубига мутлақо мос тушмаётган Мауро Икарди жой олган ҳозирги таркиб кексалик нималигини билмайдиган Тиа­гу Силва ва жазавали Эдинсон Каваниси бор таркибдан анча суст. Иккинчидан, Маурисио Почеттинога ҳурмат юзасидан айтиш жоизки, аргентиналик мутахассис топ-клубда ишлашга тайёр эмас экан. Уни аввалроқ истеъфога чиққан («Челси»нинг бахтига) Томас Тухель билан солиштириш мантиққа зид.

Шундай экан, Франциядаги зерикарли ҳолатда пулларни ҳисоб-китоб қилиб, «ПСЖ»нинг харажатлари кўрсаткичлар билан уйғунлаша олмаётганини аниқлашди. Мисол учун, Почеттино ойига 1,1 миллион евро олади. Яъни, ушбу рейтингдаги яқин таъқибчилари - Хорхе Сампаоли («Марсель») ва Кристоф Галтьедан қарийб тўрт марта кўп. Умуман, Галтье ўтган йили «Лилл»ни чемпионлик сари етаклаган, ҳозир эса «Ницца» билан ЕЧЛга чиқиш ва Франция кубогида зафар қучишга яқин турибди. Мабодо, Почеттино ва унинг штабини муддатидан аввал истеъфога чиқарилгани учун 20 миллион евро товон пули белгиланганини ҳам унутмаслик керак.

L~Equipe томонидан эълон қилинган Лига 1даги маошлар рейтинги ҳам диққатга молик. Рўйхатдаги энг кўп маош оладиган футболчилар йигирматалигига кирганларнинг 18 нафари «ПСЖ»дан! Дастлабки уч ўрин эса, кутилганидек, Неймар (ойига 4,083 млн.), Месси (3,375) ҳамда Мбаппе (2,22)га насиб қилди. Бу пулларга фақат жамоа кўзини юмиб қўлга киритиши мумкин бўлган ички биринчилик чемпионлигини таклиф қилишмоқда.


Балогардон - раҳбарият

Сўнгги йилларда асосий айб «ПСЖ» спорт директори Леонардога қўйилди. Таркиб шаклланишидан тортиб, мураббийлар билан низо ҳам шулар жумласидан. Леонардонинг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзлар кўпайгани бежиз эмас. Айниқса, буларнинг бари Леонардо билан ишлашни хоҳламаётганини айтган, охирги пайт парижликлар билан ишлаган мураббийларга қараганда кўпроқ ваколатга эга бўлишни хоҳлаётган Зайниддин Зиданнинг бош мураббийликка номзоди кўрсатилиши ҳақидаги хабарлар фонида рўй берди. Спорт директори масаласи тайин, аммо ҳозирга келиб, «ПСЖ» президенти Носир ал Ҳелайфи ҳам босим остида қолган.

Парижлик босснинг нафақат Францияда, балки Европадаги позицияси ҳам анча мустаҳкам бўлиб кўринганди. УЕФА ва Суперлига ўртасидаги можарода тўғри томонни танлаган ал Ҳелайфи «Ювентус» президенти Андреа Аньеллининг ўрнига Европа клублари ассоциацияси раҳбарлигига тайинланди. Шундай юксак лавозимга эга шахснинг «Сантьяго Бернабеу»да содир бўлган воқеага алоқадорлиги тушунарсиз ҳол. «Реал»га имконият бой берилганидан кейин ал Ҳелайфи Леонардо билан биргаликда ҳакамлар хонасига киришга уринган, Данни Маккелига эътироз билдирмоқчи бўлган, расмий баённомага кўра, ёрдамчи ҳакамнинг байроқчасини синдирган. Бундан ташқари, ҳодисани видеосуратга олаётган «Реал» ходимига нисбатан тажовузкор муносабат билдириб, «Сени ўлдираман!» дея таҳдид қилган.

Тўғри, RMC Sport тасдиқлашича, Қатар ҳукумати ал Ҳелайфини қўллаб-қувватлаб, Леонардони «қурбон» қилган. Лекин жаҳон чемпионати трансляция ҳуқуқини сотиш бўйича суд муҳокамаси борлигини ҳам унутмаслик керак. Гарчи биринчи суд инс­танцияси ал Ҳелайфини beIN Media телевизион гуруҳи раҳбари сифатида оқлаган бўлсада, Швейцария прокуратураси ўша қарорга эътироз билдириб, айбдорга 28 ойлик қамоқ жазоси белгилашни талаб қилган.


Мбаппе танқиддан холи

Париж жамоаси жорий мавсум можароларга ўралашиб қолди. Фақат Мбаппе манзилига танқид йўлланмаяпти, гарчи форвард «Реал»га ўтиш истагини билдирган бўлсада, уни мухлислар ҳамон қўллаб-қувватлашмоқда. Ўйини, самимийлиги, фидо­йилиги учун. Чемпионлар Лигасидаги фожиадан кейин «Парк де Пренс» трибуналари фақат Килианни олқишлашди.

Мессига эътирозлар жуда кўп, аммо улар асосан футболга тааллуқли. Париж мўъжиза кутганди, лекин бунинг ўрнига мувозанатсиз таркибга эга бўлди. Леонинг майдонда пиёда юриши «Барселона»да иш берган, бироқ тажовузкор Франция футболида йилнинг энг яхши ассистенти бўлиш ҳам даҳо учун камлик қилади. Лекин Хави томонидан йўлланган мақтовларга қарамай, Мессининг «Камп Ноу»га қайтиши амримаҳол. Аргентиналикка яқин манбаларнинг таъкидлашича, у «ПСЖ»даги шартномасини охирига етказиб қўймоқчи.

Эҳтимол, жамоада гуруҳбозлик вужудга келишида ҳам Лионелни айблашаётгандир. Кузда Жанубий америкаликлар қабиласи Леандро Паредесни қўллаганликда айбланган, шу боис Жоржиньо Вейналдум соя ортида қолиб кетгани айтилганди. Ҳозир қатор манбаларда қайд этилишича, ички можароларга алоқадор гуруҳ раҳбарият мададидан фойдаланган. Айни сабабга кўра, Неймар ва Доннаруммадаги самимийликка ишонч йўқолган, уларнинг «Сантьяго Бернабеу»даги кийиниш хонасида можаро рўй берганини инкор этишганига ҳеч ким ишонмаяпти.

Ҳозир энг кўп «сийлов» бразилиялик юлдузга насиб қилмоқда. журналист Даниэль Риоло эса «оловга мой сепди»: RMC Sport эфири пайти Неймарни машғулотларга масъулиятсизлик билан қараётгани, уларга деярли маст ҳолда келишини айтган. Юлдузни жамоадаги бузғунчиликда айблаш асносида, унинг навбатдаги жароҳатидан Бразилияда қай тариқа тикланганини эслатишди - покер, тунги клублар, мусиқий студиялар, ўйинлар стриминги...

Лекин бу ерда қандайдир янгилик борми? Шунчаки, «пичоқ бориб, суякка тақалди», шу боис, Мадриддаги муваффақиятсизликдан ке-йин янграган дастлабки хабарлар «ПСЖ» ёзда Неймарни сақлаб қолишга уринмаслиги ҳақида бўлди. Ҳаттоки, унинг келажагини бирдан бойиб кетган «Ньюкасл» билан боғлашди, аммо бу хабарлар ҳақиқатга яқин эмасдек. Бу янги шартнома таклифидан мосуво бўлган Анхель Ди Мариянинг ҳолатидан мутлақо фарқланади.

Мбаппе шу ерда ҳам тинчликпарвар ролини ўйнашга уринди. Француз Месси ва Неймарга аталган ҳуштакбозлик ва ҳақоратларни адолатсизликка қиёслаб, «Реал»га бутун жамоа ютқазганини таъкидлади. Бироқ бу жамоа­нинг ўзи борми, бир оёғи билан Мадридга ўтиб улгурган форвард синган идишни ямашга ҳаракат қилмаяптими? Ўтган ҳафта Почеттино жамоа­вий масъулият персоналликдан муҳим эканини таъкидлагани бежиз эмас. Вазият шу зайл давом этаверса, Париж лойиҳаси аста-секин жарлик томон яқинлашаверади. Ёзда жамоада глобал ўзгаришлар гувоҳига айлансак, ажабмас.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 07:30, 06.04.2022.
Ўқилди: 8120 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.