Жозе Моуриньо қаредаки ишламасин, ўзига душман орттириш билан ҳам банд бўлмоқда. Немисларнинг интернет-порталларидан бири Моуриньо ҳаётидан, унинг ютқазишни эплолмайдиган мураббий эканлиги билан боғлиқ 16 та эпизодни тўплаган. Каталониянинг Sport.es портали эса ушбу материални оммага тарқатган.
"Бавария"-"Реал" учрашувидан кейинги Моуриньонинг реакцияси немислар учун сюрприз бўлмаган. Ҳақиқатдан ҳам, TZ-online.de мадридликлар мураббийининг карьерасида учраган хатти-ҳаракатларидан "шода марварид" териб чиқишди. Барча ҳолатларда ҳакамлар Моуриньонинг ҳамла қилиш объектига айланишган.
1. Февраль 2004. Майкани йиртган
Моуриньо "Порту"да мураббийлик қилиб юрган пайтларда уни Лиссабоннинг "Спортинг"и футболчиси Руй Жоржега ҳамла қилиб, майкасини йиртиб ташлаганликда айблашган эди.
2. Февраль 2005. Махфий йиғилишлар
Бу ҳодиса "Челси"-"Барса" учрашувларидан бирида рўй берган. Моуриньо "блауграналар"нинг ўша пайтдаги мураббийи Франк Райкард танаффусда учрашув бош ҳаками Фриск билан учрашиб чиққанини айтади. Ўшанда УЕФА тартиб-интизом қўмитаси портгулиялик мутахассисни жазога тортганди.
3. Май 2005. Тўпурар ҳакам
Моуриньонинг "Челси"си чемпионлар Лигаси доирасида "Ливерпуль" билан учрашган эди. Луис Гарсиянинг голидан сўнг португалиялик мураббий голни ён ҳакам урганини айтган.
4. Март 2007. Илиқ сўзлар
"Тоттенҳэм"га қарши кечган кубок баҳсида қанот ҳакамини "қанжиқнинг боласи" дея ҳақорат қилган. Сўнгроқ бу сўзларда ҳеч қандай ҳақорат кўрмаётганини айтган.
5. Март 2007. Жарима майдонидан ташқаридаги фол учун пенальти сўраган
"Ливерпуль" билан чемпионлар Лигаси доирасида учрашиб, Моуриньо бутун ўйин давомида тилини чиқариб кўрсатган. Бу қилиғи билан у белгиланмаган пенальти учун норозилигини намойиш қилиб турган, ҳолбуки фол жарима майдонидан ташқарида рўй берган эди!
6. Ноябрь 2008. Майли, сен қол!
Моуриньо "Интер"да ишлай бошлагач, матбуот анжуманида "РАИ" телерадиокомпанияси журналисти уни "нерадзуррилар"нинг аввалги мураббийи Роебрто Манчини билан солиштиришни бошлайди ва савол беради. Португалиялик мураббий бундай таққослашни ўз шахсига нисбатан ҳақорат деб қабул қилади ва журналист саволини тугатар-тугатмас у анжуманлар залини тарк этади.
7. Декабрь 2009. Журналистнинг четлатилиши
"Интер" "Аталанта" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб қўяди, португалиялик мутахассис эса яна бутун жаҳонга қарши "уруш" очади. Ўйиндан кейин кайфияти йўқроқ Моуриньо, микст-зонада унга савол берган журналистни қўлидан ушлаб қўполик билан зонадан ҳайдаб чиқаради.
8. Февраль 2010. Моуриньо кишанда
"Интер" яна бир бор дуранг ўйнайди ва бу марта "Сампдория" билан – 0:0. "Нерадзурилар"нинг икки ўйинчисини майдондан четлатган ҳакамнинг ҳаракатларидан жаҳлланган Моуриньо қўлларини худди кишанлангандек чалиштириб олган. Бу ҳаракати учун у уч ўйинга дисквалификация қилиниб, 40 минг евро жаримага тортилган.
9. Февраль 2010. Жаҳон Моуриньога қарши
"Интер" Милан дербисида ғалаба қозона олмагач, мураббий ўйиндан сўнг яна севимли қитмирлигини бошлайди: "Бугун биз ғалаба қозонмаслигимиз учун барча чоралар кўрилди", деди. Бу гап унга 18 минг евро жарима келтирди.
10. Ноябрь 2010. Ҳакам учун эсдалик
Қироллик Кубогида "Мурсия"га қарши 5:1 ҳисобида тугаган учрашувда Мориньо учрашув бош ҳаками Парадас Ромеро томонидан четлаштирилади. Бунга жавобан Моуриньо ҳакамга қарата секингина "шайтон ҳузурига жўна", қабилида гап отади ва икки ўйинга дисквалификация олади.
11. Декабрь 2010. Моуриньо рўйхати
"Севилья"га қарши кечган ўйиндан сўнг Моуриньо матбуот анжуманига қўлидаги қоғоз билан кириб келади ва у ерда ҳакамнинг 13 та хатоси ёзилган эди.
12. Февраль 2011. Бургуткўз
"Лион"га қарши чемпионлар Лигаси плей-офф ўйинида бош ҳакам, германиялик Штарк "Реал" фойдасига пенальти белгиламагани туфайли Моуриньо томонидан танқид қилинади. "Мен 50 метрдан туриб тўп қўл билан ўйналганини кўрдим, ҳакам эса 5 метрдан туриб буни кўра олмади", деганди у.
13. Март 2011. Журналистика сабоқлари
Моуриньо унинг сўзларини ўта қисқартириб, ўз гапларининг чуқур маъноси ва қийматини камайтириб, худди шикоят кўринишида кўрсатаётган журналистларни танқид қилди.
14. Апрель 2011. ¿POR QUÉ?
Европа чемпионлар лигаси ярим финал учрашувида "Барса"дан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, матбуот анжуманида ўз мнологини ¿por qué? (нега?) деб савол билан бошлаб, европалик ҳакмлар "Барселона"га ёрдам беришаётганини гапириб ўтган.
15. Август 2011. Кўзингга бармоғимни тиқиб оламан
"Камп Ноу" стадионида "Барселона" ва "Реал" ўртасида Испания Суперкубоги ўйинининг сўнгги сониялари бораётган бир паллада Моуриньо майдонда юзага келган саросималикдан фойдаланиб, маккорлик билан "Барселона"нинг иккинчи мураббийи Тито Виланованинг кўзига бармоғини тиқиб олган.
16. Январь 2012. Сени "стоянка"да кутаман
Қироллик кубогининг "Барселона"-"Реал" чорак финал учрашувидан сўнг фотографлардан бири "Камп Ноу" стадионининг автомобиллар тўхташ майдонида Моуриньонинг учрашув бош ҳаками Тейшейра Витьенеснинг машинасига энгашиб турган ҳолатини суратга туширишга муваффақ бўлган. Португалиялик мутахассис ўйинни бошқарган ҳакамни ўша ерда кутиб, ичида тўпланиб қолган гапларини айтишдан эринмаган.