Бугун тунда еттинчи апрелдан саккизинчига ўтар кечаси Франкфуртда Европа лигасининг плей-офф босқичида "Айтнтрахт" Каталониянинг "Барселона" жамоасига қарши майдонга чиқади.
Жамоалар бу ўйинга турли хил кайфиятда етиб келишди. Мезбонларга тўхталадиган бўлсак, "Айтнтрахт" жамоаси Бундеслига доирасидаги сўнгги бешта учрашувнинг атиги биттасида ғалаба қозонди. Бундай ёмон натижа эса жамоани ички чемпионатда тўққизинчи ўринга тушуриб юборди.
"Барселона"да эса ҳаммаси кўнгилдагидек. Хавининг "пичоғи мой устида". Жамоа ички чемпионатда йигирма тўққизта ўйинда 57 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринни банд қилиб турибди.
Агарда "Айнтрахт"нинг мавсум давомида ўтказган ўйинларига эътибор қаратадиган бўлсак, жамоа ҳимояда жуда тартибли ўйин кўрсатишига гувоҳ бўламиз. Франкфуртликлар сўнгги беш ўйинда ўз дарвозасидан уч маротаба тўп олиб чиққан. Шундай жамоалар борки, улар мураббийининг кўрсатмаларига тўлиқ амал қилади. Масалан: Симеоненинг "Атлетико"си ёки Бьельсанинг "Лидс" жамоаси бунга яққол мисол бўла олади.
Жамоа (3-4-1-2) схемасида ўйнайди, бу эса ҳимоявий "иккинчи рақам остида" ўйнайдиган жамоалар учун жуда қулай схемадир. Агарда "Айнтрахт" биринчи бўлимда гол ўтказиб юбормаса, бу жамоа учун катта ютуқ бўлади. Чунки, "Барселона" биринчи бўлимда гол уролмаса, иккинчи бўлимда бор кучини ҳужумга ташлайди. Бу эса "Барса" яна ҳам кўпроқ олдинга ўтади дегани, бу - "Айнтрахт" учун қарши ҳужумга ўтиш учун кўпроқ зоналар очилади деганидир.
Глазнер жамоаси бугунги ўйинда чуқур ҳимояланиши, майда фоллар билан ўйинни эпизодларга бўлиб, қарши ҳужумлардан унумли фойдаланиши зарур. Катта эҳтимол билан шундай қилади ҳам. Чунки ҳар қандай мураббий ўз қўл остидаги масаллиққа қараб таом тайёрлайди.
"Барселона" учун бу кубок керак эмас", деган фикр мутлақо асоссиз. Хави клубдаги биринчи йилини титул билан якунлашни истаяпти. Ла лига деярли қўлдан чиқиб бўлганини ҳисобга олсак, "Барса" ютиши мумкин бўлган ягона титул бу — Европа лигасидир.
Хави йиллар давомида кутилган "Барселона"ни қайтарди, Хави эски ўйин, эски схемани қайтарди.Шундан сўнг, турли хил мураббийлар қўл остида ўзига ярашмаган ўринларда юрган жамоа аста-секин юқорига кўтарила бошлади.
"Барселона" "Атлетико"га қарши ўйинда (4:2 ҳисобида) зафар қучгач, иштаҳаси очилиб кетди. Шундан бери жамоа юқори сермаҳсулликни кўрсатиб келябти, айниқса "Реал" устидан қозонилган (4:0 ҳисобида) ғалаба жамоани жуда қўрқинчли қилиб кўрсатиб юборди. Қолаверса, жамоанинг ёш футболчиларида характер шакилланиб келяпти, Гави, Педри, Араухо каби Куман даврида жамоани елкасида кўтариб юрган ўйинчилар Хави қўл остида яйраб тўп суряпти.
Авазбек Мирсаитов тайёрлади.