Март ойининг ўтган 31 куни ёрқин хотираларга бой бўлди. Бу вақт давомида икки ҳафта халқаро танаффуслар бўлиб ўтган бўлса ҳам, Премьер-лига қайноқ воқеаларсиз қолиб кетмади. Ҳар ой, сиз мухлисларнинг эътиборингизга Европанинг бешта кучли миллий чемпионатидаги энг ёрқин футболчиларни танлаш имкони тақдим қилинади. Қуйида АПЛда «Ой футболчиси» номи учун даъвогар ўйинчилар номи қайд этиб ўтилади.
Букайо Сака – «Арсенал»
Ўйинлар: 4 та
Голлар: 2 та
Узатмалар: 1 та
Букайо Саканинг ажойиб спорт формаси, «Арсенал»нинг март ойида қўлга киритган ғалабаларида ҳар доимгидек муҳим бўлди. Унинг қайд этган статистикаси ҳам буни исбот этади. Ёш талант «Уотфорд»га қарши ўйинда фантастик гол ҳамда ассист муаллифига айланган эди. Ўша ўйинда Мартин Эдегор ҳамда Саканинг классик комбинацияси эътиборга молик вазият сифатида ёдимизда қолди. «Лестер» билан баҳсдаги ғалабада ҳам Саканинг ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шунингдек, айнан Англия терма жамоаси аъзосининг голи, тўпчиларнинг «Астон Вилла» майдонидаги ғалабасини таъминлаган.
2. Ҳарри Кейн – «Тоттенхэм»
Ўйинлар: 4 та
Голлар: 4 та
Узатмалар: 2 та
Мавсум ўз якунига яқинлашгани сайин, Кейннинг формаси аввалги ҳолига қайтиб бормоқда. Бу яхши, албатта. Ой давомида 4 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та голда иштирок этган футболчи, айрим ёш ҳужумчилар учун мастеркласс ўтаб берди десак, янгишмаган бўламиз. Улар ичида Кейннинг «Эвертон»ни 5-0 ҳисобидаги шармандали мағлубиятидаги ҳаракатлари ва голлари, айниқса, эътиборга молик. У «Вест Хэм»га қарши баҳсда гол урмади, аммо иккита узатма билан жамоасини ғалаба томон етаклай олди. Номзодлар ичида Кейн, нисбатан кучли позицияга эга.
3. Айван Тоуни – «Брентфорд»
Ўйинлар: 3 та
Голлар: 5 та
Узатмалар: 0 та
Айван Тоуни учун АПЛдаги илк мавсум ажойиб кечмоқда. У ҳозирга қадар, жумладан, март ойида ҳам юқори даража намойиш этиб келмоқда. Инглиз ҳужумчиси ўтган ой давомида 3 та ўйин ўтказди, аммо 5 та голга муаллифлик қилди. Ажойиб маҳсулдорлик-а?!
Ушбу голлар «Норвич»га қарши баҳсдаги хет-трикни ҳамда «Бёрнли» билан ўйинда дублни ўз ичига олган. Ҳар икки учрашув «арилар» фойдасига ҳал бўлади. Ҳа айтганча, Тоунининг голларидаги Кристиан Эриксеннинг таъсирини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
4. Филиппе Коутиньо – «Астон Вилла»
Учрашувлар: 4 та
Голлар: 2 та
Узатмалар: 1 та
Ой ҳамма жамоа каби «Астон Вилла» учун ҳам иккига бўлинган ҳолда ўтди. Аммо Коутиньонинг даражаси виллианлар учун ўта муҳим аҳамият касб этди. Стивен Жеррард шогирдлари ой давомида кетма-кет ғалабаларга эриша олди. Бунда эса Коутиньо катта роль ўйнайди. Хусусан, Бразилия терма жамоаси аъзоси «Саутгемптон» билан баҳсда ўйин футболчиси деб топилди. 4-0 ҳисобида якунланган учрашувда Коутиньо гол ва узатмага муаллифлик қилган. «Лидс»га қарши ғалабали учрашув ҳам бундан мустасно эмас.
5. Кай Хаверц – «Челси»
Ўйинлар: 3 та
Голлар: 4 та
Узатмалар: 1 та
Тўлақонли айтиш мумкинки, март ойида Кай Хавертц, ваниҳоят, ўзининг АПЛда ҳаракат қилишини дунёга намойиш этиб бера олди. «Бёрнли» билан меҳмондаги голидан илҳомланган ҳужумчи, «Норвич»га қарши ўйинда гол ва ассистга эриша олди. Германия терма жамоаси аъзоси «Ньюкасл» билан асабий ва мураккаб кечган учрашувда сўнгги дақиқалардаги ғалаба голига муаллифлик қилган эди.
6. Кучо Эрнандес – «Уотфорд»
Ўйинлар: 3 та
Голлар: 3 та
Узатмалар: 1 та
«Уотфорд» бу мавсумда қийин аҳволда қолди. Жамоа бундан бир йил илгари Чемпионшипда эди, аммо клубда иқтидорли футболчилар кўп. Шулардан бири эса Кучо Эрнандесдир. У март ойини идеал ўтказди десак, муболаға бўлмайди. Колумбия терма жамоаси аъзоси ойни «Арсенал» билан баҳсда сенсацион «қайчи услуби»даги гол билан бошлаб олади. Кейин эса, «буғулар»нинг ой сўнгидаги ўйини, «Саутгемптон» билан учрашувида Эрнандеснинг триумфини томоша қилдик. Ушбу ўйинда Кучонинг дубли эвазига Рой Ходжсон шогирдлари ғалаба қозонган эди.
Сиз ҳам ушбу ҳавола орқали АПЛдаги энг яхши ҳужумчини аниқлашда иштирок этишингиз мумкин.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси