Англия чемпионати 32-тур учрашувлари давом этмоқда.
Бироз аввал, "Манчестер Юнайтед" сафарда «Эвертон» меҳмони бўлди ҳамда Гордоннинг голи эвазига имкониятни бой бериб қўйди.
Мазкур баҳсда майдонга тушган Маркус Рэшфорд "қизил иблислар" таркибида Премьер-Лигадаги 200-ўйинини ўтказди ва ушбу натижага эришган энг ёш футболчига айланди (24 ёш, 160 кунлик). Бунга қадар рекорд Раян Гиггсга (24 ёш, 295 кунлик) тегишли эди.
"Манчестер Юнайтед" АПЛ доирасида германиялик мураббий Ральф Рангник бошқарувидаги 17-ўйинини ўтказди. Жамоа шулардан 8 баҳсда ғалаба қозонган. Бу манчестерликларнинг мусобақадаги исталган мураббий қўлостидаги энг кам фоизли ғалаба кўрсаткичи (47%) ҳисобланади.
Айни вақтда «Челси» сафарда «Саутгемптон»ни 6:0 ҳисобида мағлуб этмоқда. Мазкур беллашувдаги биринчи гол 8-дақиқада Маркос Алонсо томонидан киритилди. Унга тўпни Мэйсон Маунт узатиб берганди. Орадан 8 дақиқа ўтиб, англиялик ярим ҳимоячининг ўзи номини таблога ёздириб қўйди ва ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди.
Шу тариқа, Маунтнинг жорий мавсум АПЛда гол ва ассист қайд этган ўйинлари сони 5тага етди. Фақатгина Муҳаммад Салаҳ жорий мавсумда мазкур кўрсаткични қайд эта олган.
«Челси» 21-дақиқанинг ўзида 3:0 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бу клубнинг мусобақа тарихида сафардаги ўйинларидаги энг тезкор 3 гол фарқи билан олдинда бориши ҳисобланади.
Баҳснинг 31-дақиқасига келиб лондонликлар «Саутгемптон» дарвозасига тўртинчи тўпни ҳам киритишди. Бу меҳмон ўйинида 4 тўп фарқи билан олдинда бориш бўйича АПЛ тарихидаги энг тезкор иккинчи натижа ҳисобланади. Эътиборлиси, биринчи кўрсаткич ҳам айнан «Челси» клубига тегишли. Жамоа 2011 йилнинг октябрь ойида «Болтон» майдонида 27-дақиқанинг ўзида 4 гол фарқи билан олдинда борган.
«Саутгемптон» Премьер-Лигадаги иштироки мобайнида 21-маротаба бир бўлимнинг ўзида 4 ва ундан кўпроқ гол ўтказиб юборди. Шулардан 7 ўйин (33%) Ральф Хазенхюттль бошқарувида кузатилган.