“Бунёдкор”га қарши 2 май кунги баҳсни “Аделаида Юнайтед” клуби бирорта йўқотишсиз бошлаши кутиляпти.
Яқинда ўз ниҳоясига етган Австралиянинг А-Лигасида рақибларимиз охиридан иккинчи – 9-ўринни эгаллашди. Шу боисдан ҳам жамоа бутун эътиборини ҳозирда Осиё Чемпионлар лигаси беллашувларига қаратган. Фақатгина Лигадаги муваффақиятли қатнашув клубни бу йилги шармандали натижалардан қутқариб қолиши мумкинлигини барча яхши тушуниб турибди.
Аксинча, “Бунёдкор” Австралияга иккита йўқотиш билан ташриф буюрди. Чап қанот ҳимоячимиз Саҳоб Жўраев оёғидан жароҳатланган бўлса, марказий ҳимоячи Артём Филипосян учрашувни иккита сариқ карточка туфайли қўйиб юборади. Артём “Гамба Осака” билан кечган учрашувларда биттадан огоҳлантириш олганди. Шу сабабдан у жамоа билан Аделаидага келмаган ҳам.