Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Россия ва Украинда тўп сураётган легионер футболчиларни кузатиш учун жўнаб кетди.
3 июнь куни старт оладиган ЖЧ-2014 саралаш ўйини учун миллий терма жамоа аъзолари 22 май куни пойтахт Тошкентда тўпланишади. Россия Премьер-лигасида мавсум 13 май куни якунига етса, Украинада 10 май санасида сўнгги – 30 тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларидан Одил Аҳмедов Маҳачқалъанинг «Анжи» клубида асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланган бўлса, Киевнинг «Арсенал» клубида ярим ҳимоя амплусида ҳаракат қилаётган Максим Шацких асосий таркибнинг доимий аъзоси ҳисобланади. Вадим Абрамов шунингдек, «Днепр» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Виталий Денисов, Владикавказнинг «Алания» клуби вакиллари Санжар Турсунов ҳамда Марат Бикмаев, «Сибирь» аъзоси Вагиз Галиулин билан ҳам учрашиши мумкин.
Қайд этиш керак, мазкур легионерлардан Санжар Турсунов ва Вагиз Галиулин 3 июнь куни бўлиб ўтадиган Эронга қарши ўйинни қўйиб юборишади. Улар фақатгина 8 июнь куни Ливанга қарши беллашувда иштирок этишлари мумкин.