“Пахтакор” қўлдан келганча ҳаракат қилди. Аммо бугунги кунда аввалгидек важоҳатли бўлмаган “Ал-Иттиҳод” Тошкентдаги ўйинда ҳам 3 очкони қўлга киритиб, гуруҳ ғолиблиги масаласини бугун ҳал қўйишга улгурди.
“Пахтакор”га ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди, шунинг учун улар ҳужумкор ўйин кўрсатишга интилишди. Аммо марказда Ойбек Қиличев ва Дилшод Шарофетдиновнинг йўқлиги бугун сезилди.
Биринчи бўлимда жамоалар голга тортадиган вазиятни юзага келтира олишмади. Иккинчи тайм эса майдон эгаларининг ҳужумлари билан бошлансада, “Иттиҳод” “Иттиҳод”лигини қилди ва биз учун унчалик хавфли кўринмагандек вазиятда, жамоамиз дарвозасига гол уриб кетди. Захирада майдонга тушган Фаузий бир ҳимоячимизни алдаб ўтиб, тўпни дарвозабон майдончаси томон узатди. Наиф Ҳазозий дарвозани ишғол қилаётганида, негадир у ерда Темур Жўраев йўқ эди.
“Пахтакор” ҳисобни тенглаштириши учун кўп вақт талаб қилинмади. Иракли Климиашвили кутилмаганда дарвозагача 35 метрлар масофадан зарба йўллашга қарор қилди ва Мабрук Зайд дарвозасининг бурчагини аниқ нишонга олди.
Ушбу голдан 2 дақиқа ўтиб Кримецнинг майдондан четлатилиши ўйиннинг тақдирига таъсир кўрсатди, дейиш мумкин. Егорь ушбу вазиятда ҳужумчини тўхтатмаганида футболчи Жўраев билан яккама-якка вазиятга чиқиб борарди.
Ўйинга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг энг сўнггисида меҳмонлар жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Жарима майдончасига етказиб берилган тўпни Муҳаммад Абусабон бош билан дарвозага аниқ йўллаб, жамоасига ғалаба келтирди.
“Пахтакор” эса майдонда бир киши кам бўлишига қарамай, ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. Ҳатто бир вазиятда Кримец дарвоза томон хавфли зарба йўллади, аммо тўпни дарвозабон эгаллаб олди.
Ушбу ўйинда дуранг ёки мағлубият “Пахтакор” учун катта аҳамиятга эга эмасди. Плей-офф масаласи барибир сўнгги турда ҳал бўлади.
ОСИЁ ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИ.
“В” ГУРУҲИ. 5-ТУР
“ПАХТАКОР” – “АЛ-ИТТИҲОД” – 1:2 (0:0)
Голлар: Иракли Климиашвили (68),— Наиф Ҳазозий (61), Муҳаммад Абусабон (90+3)
Огоҳлантиришлар: Наиф Ҳазозий (26) — Иракли Климиашвили (69)
Четлатиш: Егорь Кримец (70)
“Пахтакор”: Темур Жўраев, Егор Кримец, Кахи Махарадзе, Темурхўжа Абдухолиқов (Темур Ҳакимов 85), Шерзодбек Каримов, Даврон Ҳошимов, Аббос Махсталиев (Алишер Азизов 65), Илҳом Суюнов, Владимир Козак, Аббос Махсталиев, Иракли Климиашвили
“Ал-Иттиҳод”: Мабрук Зайд, Ризо Такар Фалатаҳ, Усама ал-Ҳарбий, Наиф Ҳазозий, Сауд Каририй (Султон 33), Ҳамад ал-Монташарий, Муҳаммад Абусабон, Ҳатан Бабҳир (Абдулғани Фаузий 60), Абдуробу Ҳусний, Абду Аутеф (Али ал-Зубайдий 74), Иброҳим Ҳазозий.
Ҳакамлар: Муҳсин Туркий, Муҳаммадризо Абулфазлий, Расул Фароғий, Муҳсин Қаҳрамоний (барчаси — Эрон).
Комиссар: Аҳмад Шоҳир (Мальдив ороллари).
Назоратчи: Ҳусайн Хадҳанфирий (Кувайт).