Бу футболчи мундиал йўлланмалари учун ўйинлар тарихида ҳаттоки, Криштиану Роналду, Роберт Левандовски ва Луис Суарес каби мегатўпурарлардан ҳам кўп гол урган. Гап гватемалалик «балиқ« (лақаби) Карлос Руис ҳақида кетмоқда. Ҳа, охирги йилларда жаҳон футболида голеадорликка дахлдор деярли барча рекорд кўрсаткичлар Криштиану Роналду ёки Лионель Месси томонидан янгилангани айни ҳақиқат. Лекин улар ҳали етмаган чўққилар ҳам йўқ эмас. Дейлик, ЖЧ саралаш босқичи тарихида энг кўп гол урган футболчилар рўйхатини Гватемала фахри ва MLS афсонаси Карлос Руис бошқариб турибди.
MLSнинг чин юлдузи
Карлос Руис ҳозирга қадар ЖЧ саралаши доирасидаги 47та ўйинда 39та гол урди. Таққослаш учун айтсак, Криштиану Роналду ҳам мундиал йўлидаги ўйинларда айнан 47 марта майдонга тушган, лекин унда голлари сони 3та кам. Лионель Месси, Луис Суарес, Андрей Шевченко ва Али Даида ҳам ўйинлар миқдори кўп, фақат голлар сони янада камроқ. Айтиш ўринли, гватемалалик юлдуз бутсаларини 2017 йили михга илди, шундай бўлсада, у ҳамон олдинда. Карлос Гватемала пойтахти (мамлакат номидаги шаҳар)да туғилган ва жиноятчилик даражаси юқори бўлган 21-зона ҳудудида улғайган. Футболга айнан ўша ерда ошно тутинган Руис фаолиятини маҳаллий клуб - «Муниципал»да бошлаб, тезда El Pescadito («балиқча») лақабини олади. «Муниципал» мухлислар ўйинчилар лақабларидан келиб чиқиб, уларга атаб қўшиқ ёзишарди, - дея эслайди Руис. - «Балиқча» лақабини олишда омадим келган. Ҳар ҳолда, жамоамизда «қурбақа», «бақа», «илон»лар ҳам бор эди. Хайриятки, менга бундай ёқимсиз лақаб қўйишмаган».
Карлос кейинчалик, яъни бироз улғайгач, El Pescado («балиқ«) бўлди ва характери ҳам лақабига мос тарзда шаклланди. Дейлик, Руис майдонга шўнғиш (худди сувга ташлангандек)ни хуш кўрарди: «Доим ўзимга ёққан услубда ўйнайман. Йўқ, бу услубим энг яхшиси эканлигини айтолмайман. Лекин ғалаба учун барча қуроллардан фойдаланиш керак. Бордию, қўполлик ишлатишса, унда майдонга йиқилишни пайсалга солмайман». Диққатга сазовор томони, Карлос Руис камтарин «Муниципал»дан тўғри Грецияга йўл олади. Бироқ ПАС клубидаги 6 ойлик ижара муддати давомида атиги 2 марта майдонга тушади, холос. Муҳими, АҚШда Карлос истеъдодини вақтида пайқашади ва ҳужумчи 2002 йили «Лос-Анжелес Гэлэкси» сафини тўлдиради. Шу тариқа Руис бир уринишда янги жамоанинг ўз тарихида илк марта чемпион бўлишига ёрдам беради. Қолаверса, гватемалалик йигит дебют мавсумидаёқ MLSнинг энг яхши тўпурарига айланади, яна «плей-офф» ўйинлари финалида «олтин гол»ни ўз ҳисобига ёздириб қўяди. Кейинги мавсумда ҳам мунтазам чемпионатнинг энг яхши голеадорига аталган соврин Руисга насиб этади.
Чинакамига саёҳат
АҚШ футболидаги илк муваффақиятлардан сўнг Карлос ҳаётида саёҳат бошланади. Лос-Анжелес жамоаси уни аввалига машҳур Лэндон Донован трансфери доирасида «Даллас»га юборади, лекин 2008 йили ортга қайтаради. Карлос Руис шундан кейин «Торонто» (Канада), «Олимпия» (Парагвай), «Пуэбла» (Мексика) ва «Арис» (Греция) клубларида ўйнаб чиқади. Лекин шу билан тўхтамайди: яна 4та клуб либосини кийиб кўргач, «Даллас»га қайтиб, иккинчи марта MLS чемпиони бўлади (тўғри, бу сафар майдонда атиги 13 дақиқа ўйнаб, 1та гол урган ҳолда). Руиснинг қўшма штатлардаги умумий статистикасига келсак, ҳаммаси зўр: 182та ўйин, 88та гол, 2 марта бош тўпурар! «Гэлэкси» фанатлари бежиз жамоа стадиони яқинига «балиқ» ҳайкалини ўрнатиш талаби билан чиқишмаяпти.
Гватемала термаси: 3 марта кетиш...
Карлос фаолияти давомида мамлакат бош жамоаси билан нақ 3 марта хайрлашган, аммо ҳар гал фикридан қайтган. Бежиз эмас, албатта: охирги ўйинида рекорд ўрнатди. Тушунарлики, Руис Гватемалада янада афсонавий «фигура». У терма жамоадаги дебютини 1998 йили нишонлаган ва дарҳол ЖЧ саралашида гол ура бошлаганди. Карлос ўзи учун энг самарали квалификацион босқичда 10та гол урган. ЖЧ-2006 йўлидаги ўйинларда бразилиялик Роналдо ҳам худди шунча гол ҳосил қилганди. Хуллас, гватемалалик ҳужумчи ўшанда тўпурарларнинг умумий рўйхатида Дидье Дрогба, Ян Коллер ва Златан Ибрагимовични ортда қолдиради, аммо бош голеадор бўлолмайди, барибир. Чунончи, мексикалик Харед Борхетти 14та голга муаллифлик қилганди. Гватемала термаси айнан ўшанда ЖЧ финал раундига жуда яқинлашади: саралашнинг якуний босқичига чиқади, фақат қитъалараро «плей-офф» ўйинларига ўтишига атиги 2 очко камлик қилади. Бундай бахт Тринидад ва тобаголикларга насиб этган ва улар ОФК вакили Баҳрайн термасини енгиш асносида Германия мундиали йўлланмасини қўлга киритишганди.
Карлос Руиснинг ЖЧ саралаш босқичидаги голлари
ЖЧ-2002 саралаши - 8та
ЖЧ-2006 саралаши - 10та
ЖЧ-2010 саралаши - 6та
ЖЧ-2014 саралаши - 6та
ЖЧ-2018 саралаши - 9та
Карлос Руис 2008 йилиёқ Гватемала миллий жамоаси тарихидаги энг сермаҳсул футболчига айланади ва кейинги мавсум кутилмаганда, халқаро фаолияти якунланганини эълон қилади - биринчи марта. Лекин 2 йилдан кейин ортга қайтади ва ЖЧ-2014 чиптасини ютиш имконияти буткул йўқотилишига қадар ўйнайди. Бироқ натижа чиқмагач, иккинчи марта терма жамоа билан хайрлашади. Қарангки, «айтдим-қайтдим» футболчи яна бир бора фикридан қайтади ва бунисида Али Даига тегишли рекордни янгилайди. Тўғри, Карлос учинчи қайтишида узоқ вақт гол уролмайди, муҳими, ҳал қилувчи босқичга чиқиш имконияти қолмаган бир паллада, охирги 2та ўйинда рақиблар дарвозасини нақ 7 марта нишонга олади. Аввалига Тринидад термасига қарши баҳсда «дубль» қайд этган ҳужумчи кейин Сент-Винсент ва Гренадина жамоасига 5та гол «тортиқ» этади - «пента-трик». 38 ёшли фахрий Гватемаланинг кучли ёмғири остида асосан тажрибаси эвазига қанот узатмаларидан сўнг тўпни дарвозага тўғрилаб қўяверган ва мезбонлар 9:3 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. Голеадор шундан кейингина учинчи ва охирги марта терма жамоадан кетди.
Карлос Руис бутсаларини михга илганидан кейин Гватемала футбол ассоциацияси президенти лавозимига даъвогарлик қилди, шахсий академия очишга уринди ва жорий йилнинг бошида CR20 бренди остида ўз маҳсулотлари коллекциясини чиқарди.
ЖЧ-2022 САРАЛАШИ ТЎПУРАРИ - АЛИ МАБҲУТ
Бўлажак мундиал квалификациясига келсак, энг яхши тўпурар мақоми БАА термаси вакили Али Мабҳутга насиб этди. Абу-Дабининг «Ал-Жазира» клуби ҳужумчиси ОФК миқёсидаги 14та саралаш ўйинида 14та гол урди. Айтганча, Мабҳутда ўз натижасини яхшилаш имконияти бор: БАА термаси камида яна битта (Австралия термасига қарши) ўйинда майдонга тушади.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади