Хабарингиз бор, 25 май куни БАА футзал бўйича Осиё чемпионати бошланади. Ушбу мусобақада кучли тўртликка кира олган терма жамоалар кузда Таиландда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишидан хабарингиз бор. Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўз тарихида илк марта мундиалда иштирок этишни мақсад қилган ҳолда, тайёргарликка зўр бермоқда.
Сапо шогирдлари пойтахтимизда меҳмон бўлиб турган Озарбойжон футзал терма жамоаси билан 2та ўртоқлик учрашувини ўтказишни режалаштирган. Шундан сўнг жамоамиз сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Испанияга йўл олади. Демак, Озарбойжонга қарши бўладиган баҳслари футзалчиларимизнинг юртимиздаги сўнгги ўйинлари бўлади.
Шу боис, терма жамоамизни муҳим мусобақа олдидан қизғин қўллаб-қувватлаш, уларга бўлажак мусобақада омад тилаш ва футзалчиларимизнинг ҳозирги ҳолатини кўриш истагида бўлган мухлисларни “Ўзбекистон” спорт мажмуасига таклиф қиламиз. Ўзбекистон ва Озарбойжон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувлари 4 ва 5 май кунлари соат 16:00да бошланади.