Бугун тунда Испания чемпионатининг 32-турида Севилья шаҳрида, турнинг марказий учрашуви бўлиб ўтади. Унда "Севилья" "Реал Мадрид" жамоасини меҳмон қилади. Бу учрашув том маънода Испания тахт учун курашдир. Жамоаларнинг жадвалдаги жойлашуви ва чемпионат охирлаб қолганлиги шунга далолат қилади.
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағ-т | Т-Н | Очко | |
---|---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Реал Мадрид | 31 | 22 | 6 | 3 | 63-26 | 72 | |
2 | Барселона | 30 | 17 | 9 | 4 | 60-31 | 60 | |
3 | Севилья | 31 | 16 | 12 | 3 | 44-22 | 60 | |
4 | Атлетико | 31 | 17 | 6 | 8 | 57-38 | 57 | |
5 | Бетис | 32 | 17 | 6 | 9 | 56-37 | 57 | |
6 | Реал Сосьедад | 32 | 15 | 10 | 7 | 32-30 | 55 | |
7 | Вильярреал | 32 | 13 | 10 | 9 | 51-31 | 49 | |
8 | Атлетик Бильбао | 31 | 11 | 12 | 8 | 36-30 | 45 | |
9 | Осасуна | 32 | 12 | 8 | 12 | 33-41 | 44 | |
10 | Валенсия | 32 | 10 | 12 | 10 | 44-46 | 42 |
"Реал Мадрид" гарчи бу ўйинга меҳмон сифатида ташриф буюрса ҳам, сўнгги учрашувларда қўлга киритаётган натижалари "Қироллик клуби"ни бир поғона устун қилиб кўрсатяпти. "Севилья" эса мавсумнинг иккинчи ярмида мухлисларини ранжитяпти. Андалусияликлар Ла лига доирасидаги сўнгги беш учрашувининг атига биттасида ғалаба қозонишган.
Жамоанинг захираси асосий таркиб билан рақобат қила олмагани боис, асосий таркиб футболчиларига дам берилмасдан муттасил равишда майдонга туширилди. Натижада, мавсумнинг охирига келиб жамоанинг ўзаги бўлмиш Томас Дилейни, Карим Рекик, Сусо ва Фернандо каби футболчилари жароҳат олди. Бу эса жамоа учун жиддий йўқотишдир.
Лекин "Севилья" жангдан олдин оқ байроқни кўтарадиганлардан эмас! Жамоа доим исталган рақиб учун хавф туғдира олган. Лапетеги қўл остида яхши бир жамоани шакллантира олди. Футболчилар турнир жадвалидаги ўрнини сақлаб қолиш учун тиш-тирноқлари билан курашади.
"Қироллик клуби"да эса ҳаммаси кўнгилдагидек. Футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи юқори даражада. Анчелоттининг жамоаси бу учрашувга Европа чемпионлар лигасининг ярим финал йўлланмасини қўлга киритган ҳолда етиб келяпти. Лекин бу ғалабалар замирида, жамоавий ўйин ёки мураббийнинг схемаси эмас, Карим Бензема, Лука Модрич ҳамда Тони Кроос каби катта футболчиларнинг меҳнати ётибди. Айнан уларнинг ўйини орқали қўлга киритилган ғалабалар, жамоанинг ҳимоядаги камчиликларини ёпиб турибди.
"Реал Мадрид" тизимли жамоалардан шу футболчилар воситасида устундир. Лекин бунинг салбий жиҳати ҳам бор. Агарда шу катта футболчиларнинг биронтаси майдонга тушмай қолса ёки ўйини чиқмаса, бу - бутун жамоанинг ўйинига салбий таъсир қилади.
Бу ўйинда мадридликлар сафида жиддий йўқотишлар мавжуд. Кечагина "Реал Мадрид"ни ярим финалга судраб олиб чиққан Карим Бензема бу учрашувда майдонга тушмаслиги мумкин. Бенземасиз "Реал Мадрид"нинг ҳужум чизиғи, худди Пикесиз "Барселона"нинг ҳимоясига ўхшайди. Бу мавсумда Пике қатнашган қарийб қирққа яқин учрашувда дарвозасига пенальти белгиланмаган "Барселона" Пикесиз иккита учрашувда тўрт мартта пенальти билан жазоланди. Ҳа, "топ" ҳимоячидек кўринган Араухо ва Гарсия каби ёш футболчилар, шунчаки ўртамиёна футболчиларга айланиб қолишди. "Реал"да ҳам Винисиус ва Родриго каби ёш юлдузлар Бензема ёрдамида порлаётган бўлиши мумкин.
Ҳимояда эса муаммолар яна ҳам қўрқинчлироқ. Чап қанот ҳимоячилари бўлмиш Марсело ва Менди жароҳат олишган. Уларнинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган Начо ҳам ўйинга тушиши сўроқ остида турибди. Анчелотти бу баҳс олдидан ҳимоя ҳақида анча бош қотиришига тўғри келади.
Жамоалар аввалги сафар Мадридда — "Сантьяго Бернабеу" майдонида тўқнаш келишган. Ҳиссиётларга бой бўлган учрашувда мезбонлар (2:1 ҳисобида) ғалаба қозонишган.
Авазбек Мирсаитов тайёрлади.