Кириш Регистрация

Диёр Имомхўжаев: "Ҳусайн Норчаев ва Ойбек Бозоров ўйинни ўзларига олиш керак"

Баҳо:
+ | -

"Насаф" яхши клуб. Бердиев жамоаси кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам мезбон саудияликлардан ҳар жабҳада устун ўйнади. Аммо замонавий футболда бу ҳали ғалаба дегани эмас.

"Насаф" учун энг катта йўқотиш Тошкентдан бошланганди. Сезаётган бўлсангиз, Шерзод Насруллаевнинг ўрни жуда сезилмоқда. У ҳимоячи бўлишига қарамай, ҳужумга ранг-баранглик тақдим эта оларди. Бу билан Алибек Давронов яхши ўйнай олмаяпти, деган фикрдан йироқман. Аксинча, мана шу ёш йигитга қойил қолиш керак. Ҳа, у тажрибасиз. Аммо максимум ҳаракат қиляпти, иштиёқ, тезлик бобида хурсанд қилаётгани ҳам рост. Катта футболчига айланиши учун унга вақт керак.

Мен ҳозир бошқа икки футболчига эътибор қаратишни истардим — Ҳусайн Норчаев ва Ойбек Бозоров. Чунки улар айнан 2022 йилда катта футболчига айланишлари кутилганди. Аммо бундай бўлмаяпти. Ортда қолган 4 та учрашувда улар ўйинни ўзларига ола билишмади.

Бу ерда мураббийга бирор нарса деб бўлмайди. Чунки тактик жиҳатдан "Насаф" барча ўйинларда рақибидан яхшироқ бўлаётгани факт, мураббий уларга ўйнаш имконини тўлалигича беряпти. Гап фақатгина футболчиларнинг индивидуал маҳоратида қолган. Бунинг учун эса улар ўз устида ишлаши керак. Мураббий уларнинг ўрнида тўпни тўхтатиб бермайди, уларнинг ўрнида маҳорат кўрсата олмайди, уларнинг ўрнига майдонга тушишга ҳақли эмас.

Ўзбекистонда Норчаев ва Бозоров сингари юзлаб умидли футболчилар бўлган. Улар шунчаки машҳур ва умидли бўлиб, ўзимизнинг футболдагина ном чиқариб ўтиб кетишган. Бу икки йигит шундайлар сафига қўшилиб қолмаслик учун ўз ўйинларига қўшишлари керак. Чунки "Насаф"нинг муваффақияти бугун айнан уларга боғлиқ бўлиб турибди. Катта футболчилар шундай ўйинларда синалади. Катта футболчилар ҳеч бўлмаса бирор ўйинда бурилиш ясайди. Истардимки, улар келаси икки турда жамоани шу вазиятдан олиб чиқишсин.

"Насаф" хурсанд қилаётган энг асосий жиҳат — савиямизни бир қадар юқори кўрсатаётгани. Масалани таҳлил қила олмайдиган айримлар ҳар қандай мағлубиятдан кейин дарҳол болалар футболи ёки чемпионат ҳақида гап очади. Аслида Суперлига кучсиз мусобақа эмас. Шунчаки футболчилар ҳам ўз олдига мақсад қўйиши, интилиши, ўсиши, ўз устида тинмай ишлаши шарт. Бугунги футболга шу керак. Тактик ёки бошқа тарафлама эса шукрки, рақиблардан умуман ортда эмасмиз.

"Насаф"га келаси турларда ҳам омад. Биз бу футболчиларга мухлислик қилишда давом этамиз.

 

Диёр Имомхўжаев

Манба: https://t.me/diyorimamkhodjaev
Киритилди: 04:03, 20.04.2022.
Ўқилди: 3004 марта.
Фикрлар: 42 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.