Сесар Аспиликуэта чоршанба куни «Арсенал»га қарши 4-2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ўз жаҳлини тийиб тура олмаган эди. У финал хуштагидан кейин трибунадаги «Челси» мухлисларидан бири билан даҳанаки жангга киришади. Ҳа, мезбонларга осон тутиб бўлмас эди. Чунки улар кетма-кет учинчи бор ўз уйида мағлубият аламини тотиб кўришига тўғри келди. Аммо Аспиликуэта ўз мухлиси билан жанжаллашган ягона футболчи эмас. Қуйида шундай ҳолга тушган айрим футболчиларни эслатиб ўтамиз.
Бруну Фернандеш
Мавсум бошроғида Португалия терма жамоаси аъзоси ўз мураббийи ҳимоясига отланган эди. «МЮ» меҳмонда 4-1 ҳисобида мағлубиятга учраган оқшом, Сульшер ўз лавозимидан озод этилади. Ўйин якунлангач, «қизил иблислар» мухлислари Сульшерни ҳақоратли сўзлар ва хуштакбозлик билан кузатиб қўйишади. Шу пайтда Фернандеш мухлисларга айб Сульшерда эмас, балки бутун жамоада эканини уқтиришга ҳаракат қилади. У бунда ўзига хос кескин ишоралардан фойдаланган эди.
Гранит Жака
Қайсидир маънода Гранит Жаканинг «Арсенал»даги фаолияти сақлаб қолинади. Аммо унинг ўзи айтгандек, бир муддат у ва жамоа орасига жиддий совуқчилик тушади. 2019 йили «Кристал Пэлас»га қарши баҳсдан кейин мухлислар босимига учраган Жаканинг жамоадан кетиши аниқ бўлиб қолгандек эди. Бу воқеадан кейин Жакадан сардорлик боғичи тортиб олинади. Ўша пайтда клубни Унаи Эмери бошқарар эди.
Дэвид Бекхэм
Дэвид Бекхэм 2009 йилда «ЛА Гэлакси» таркибидан кетишини эълон қилади. Бу эса жамоа мухлисларининг ғазабига сабаб бўлади. Инглиз афсонаси «Милан» сафига йўл олганди. Ўшанда Бекхэм Италия чемпионати МЛСдан кўра яхшироқ дея фикр билдирган. У ичиб олган, маст мухлис билан тўқнаш келиб, муаммоларга ҳам дуч келади.
Эрик Дайер
2020 йилда Англия кубоги турнири доирасида «Тоттенхэм» ҳамда «Норвич» тўқнаш келади. Ўшанда ҳимоячи трибунадаги бир мухлис билан қаттиқ жанжаллашиб, муштлашишгача борганди. Кейинчалик эса бу воқеа Дайернинг акаси сабаб содир этилгани ошкор бўлади. Шундан сўнг, «шпорлар» устози Жозе Моуриньо воқеага муносабат билдиради: «Менимча, Дайер профессионализмга тўғри келмайдиган иш қилди. Бироқ исталган инсон унинг ўрнида бўлганида, шундай қиларди». Дайер кейинчалик бу қилмиши учун 4 та ўйинга майдондан четлатилади.
Маркус Решфорд
Шу йил март ойида «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛни тарк этган эди. Шунда жамоа мухлислари ҳамда Рэшфорд орасида тушунмовчилик юзага келади. Футболчи стадион ташқарисида жаҳли чиққан мухлислар билан тўқнаш келган пайтда суратга олинади. Бу кадрлар тезда тармоқларда тарқаб кетган эди. Рэшфорд қўли билан номақбул ҳаракат қилишда гумон қилинади. Аммо ҳужумчининг ўзи бу нарсани рад этади. Кейинчалик, Рэшфорд Twitter'да барчадан кечирим сўраган эди.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси