Бундан ўн йил аввал Манчестер шаҳрида инқилоб содир бўлди. Ўша мавсумда (2011-2012) Англия премьер лигасининг бош совринини Манчестер шаҳрининг бошқа жамоаси қўлга киритди. "Манчестер Сити" бутун шаҳарни мовий рангга бўяди ва бундан буён бу шаҳарда иккита катта клуб борлигини эълон қилди.
Лекин ўша пайтларда "Манчестер Юнайтед" мураббийи бўлган Сер Алекс Фергюсон тизгинни қўлдан бой бермади. У кейинги мавсумдаёқ чемпионликни "қизиллар" қўлига қайтарди ва бошини баланд кўтариб жамоани тарк этди.
Фергюсон кетганидан буён орадан ўн йил вақт ўтди. Ўн йилдан бери шаҳар мовий тусга бурканган. Гвардиола қўлида "Манчестер Сити" борган сари ваҳшийлашиб бораётганда "Манчестер Юнайтед" турли хил мураббийлар қўл остида мухлисларини ранжитиб келди. Ўн йилда жамоа икки дона совринни қўлга киритди. Улардан бири Англия кубоги бўлса, иккинчиси Европа лигасининг бош совринидир. Лекин бу натижалар билан мухлисларни алдаб бўлмасди, чунки бу турнирлар иккинчи даражали эканлигини барча яхши биларди.
Бу йиллар давомида "қизил иблислар" ишқибозлари анча қийналишди. Мураббийларнинг бирин-кетин алмашиши, нотўғри амалга оширилган трансферлар, титулсиз қуруқ ўтган мавсумлар мухлисларни тинкасини қуритди. Лекин шу мавсумнинг аввалида уларнинг қуриб бораётган қалбларида умид новдалари куртак ёзди. Жамоага Роналду, Варан каби катта футболчилар олиб келинди. Ҳамма хурсанд.
Кўпчилик "Манчестер Юнайтед"ни чемпионлик учун асосий даъвогарлардан қилиб кўрсатди. Лекин бу футболчилар Сульшер бунёд этаётган жамоага мос келмади, натижада мураббий жамоани уларга қараб мослай бошлади. Ўз ғоясидан воз кечган Сульшер эса, бу қарори хато эканлигини кеч тушуниб этди ва истеъфога чиқарилди.
Навбатдаги мураббий Ральф Рангник эса жамоада жудда катта ўзгаришларни амалга оширолмади. Жамоа ҳали ҳам инқироз кўчасида, ўзига ярашмайдиган ўринларда юрибди. Мухлислар германиялик мутахассисдан умидларини узиб бўлишган, Рангникнинг вазифаси, жамоани эсон-омон йилни охиригача етказиб қўйишдир.
ЭРИК ТЕН ХАГ
Ҳаммаси аввалгидек, лекин бу сафар бошқача. Клуб раҳбарияти доимгидек муваффақиятсиз мавсумни мураббийнинг бўйнига қўйиб ишдан бўшатади ва ўрнига бошқа мураббийни олиб келади. Лекин бу сафар бошқача, жамоа ўз имзосига эга бўлган мураббий қўл остига ўтяпти. Ниҳоят "Манчестер Юнайтед" юлдузларига таяниб эмас, тизимли футболи эвазига натижа қайд этадиган бўлди.
Мухлислар ва кўплаган футбол экспертлари нидерландиялик мутахассис вариантини тўғри деб қабул қилишди. Нима учун? Уни тизимли футболидан бошқа нимаси бор? Шунча номзодлар ичидан нега айнан у? Буни етарлича сабаблари бор. Тен Хагнинг "Аякс"да тузган жамоасига эътибор қаратадиган бўлсак, қариялар ва ёш истеъдодлар ўртасидаги жарлик устига кўприк қура олганига гувоҳ бўламиз.
Бундан бир неча йил аввал "Аякс" Европа чемпионлар лигасининг ярим финалига етиб келганига асосий омиллардан бири шудир. Де Лигт, Де Йонг, Ван Де Бек каби ёшлар Блинд, Тадич, Шёне ва яна бир қатор қариялар билан яхши чиқиша олишган.
Нидерландия мутахассис шу услубни "МЮ"да ҳам жорий этиши керак. Бундан ташқари энди ёш ҳисобланмайдиган, ўрта ёшли, футболдан узилиб қолган Рэшфорд, Лингард, Марсьяль ва ўзининг "ўгай ўғли" бўлмиш Ван де Бек каби футболчиларни яна футболга қайтариши лозим.
Шу билан биргаликда янги мураббий жамоадаги катта футболчилар билан тил топишиб кетиши зарурдир, акс ҳолда биз Европанинг "Иккинчи Почеттино"сига гувоҳ бўламиз...
Тен Хаг агар шу довонлардан мувқффақиятли тарзда ўтиб олса, "Манчестер Юнайтед"ни чемпионлик пойгасига қайтариши ва шаҳарни яна қизил рангга бўяши мумкин...
Норбой муаллим.