Россия футбол иттифоқининг УЕФАдан ОФКга ўтиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Умуман, бунга асос бор - география. Конфедерацияни алмаштириш масаласида ариза тушган тақдирда, ФИФА УЕФАнинг фикри билан ҳам қизиқади. Розилик билдирилиши эҳтимоли бор. Сўнгра айни масалада ОФК фикри сўралади. Мана шу ерда овоз бериш жараёнини кузатиш қизиқ бўлади. Япония, Австралия, Тайпей, Жанубий Корея, Гуам, Гонконг, Макао сингари мамлакатлар сиёсий сабабларга кўра, қарши чиқиши мумкин. Кимдир ЖЧ йўлида ортиқча рақобатчини хоҳламаслиги мумкин. Умуман олганда, РФИда ОФКга аъзо мамлакатлар қўллаб-қувватлаши натижасида, Конгресс делегатларидан 50 фоизи овозини олиш имконияти ёмон эмас. Асосий масала - бу РФИнинг ўзига керакми? ОФКга ўтиш унчалик осон эмас, УЕФАга қайтиш эса янада қийинроқ бўлади.
***
- ОФКга ўтиш орқали РФИ жамоаларнинг расмий мусобақалардаги иштирокини тиклаш имкониятига эга бўлади. Аммо унутмаслик керакки, ОФКнинг навбатдаги Конгресси майда ўтказилади, шундай экан, РФИ конфедерацияни ўзгартириш учун ариза топширишга улгурмайди.
Кейинги Конгресс 2023 йилнинг январига режалаштирилган. Ҳужжатларни расмийлаштиришга улгуришса, ўша йилнинг кузида Россия клубларининг иштирокидан умид қилса бўлади. Аниқроғи, бу битта турнир ОФК кубоги бўлиб, РПЛ чемпиони баҳсларга «плей-офф»дан киришади. Клуб рейтингида Россия ҳисобида балл йўқ экан, яна қандай йўл тутиш мумкин!?
Дарвоқе, яна бир масала бор. РФИ ОФКнинг қайси минтақасидан жой олади? География ва сиёсат нуқтаи назаридан қараганда, россияликларга «Марказ» енгилроқ бўлади. Шунда ОФК кубогида тахминан «Дордой», «Хўжанд», «Сўғдиёна» ва «Зенит» жамоаларидан иборат гуруҳ вужудга келади. Қисқа муддатда қилинган самарали иш келгусида фойда келтирмаслиги мумкин. Жаҳон футболидан четда қолмаслик учун ОФКга ўтиб, ке-йинчалик Осиёда қолиб кетиш оқибатида қўлга киритилган ютуқлардан зиён даражаси ортиб кетиши ҳеч гап эмас.