Жамоаси биринчи таймдаёқ тўртта гол уриб, ўйин масаласини ҳал қилганда бир мураббий 2-таймда бир ёш шогирдига дебют қилиш имконини берган. Журналистлар ундан “ҳисоб шундоғам 4:0 эди, кўпроқ ёшларни тушириб, синаб кўриш учун имконият бор эди, нега ундай қилмадингиз?” деб сўрашганда, айтганди:
- Агар бирданига бир нечта ёш футболчиларни майдонга туширсам, бутун жамоада “ўйин ҳал қилиб бўлинибди” деган ҳиссиёт пайдо бўлади. Буни истамадим. Шундай ҳолат юзага келиб қолганида, ҳеч қандай тажриба бўлмасди ёшлар учун.
Мавсум бошида тақвимга қараб, бугун бўлиб ўтадиган “МЮ” – “Челси” ўйини турнинг марказий ва муҳим ўйинларидан бўлиши мумкинлигини тахмин қилса бўларди. Аммо бошқача бўлиб чиқди, ҳозирда “Челси”нинг учинчи ўриндан тушиб кетишиям, кўтарилишиям қийин масала, бемалол Кубок финалига тайёрланиб юрса бўлади. “Юнайтед” ҳам деярли шу, бунинг устига жароҳатлар кўплигидан, Рангник қайсидир ёш футболчиларга имкон берилишини тан олди. Ҳар икки жамоа учун ҳам ёш футболчиларни синаб кўриш учун идеал палла келгандек.
Аммо биласизми, ёшларни таркибга ҳақиқий маънода жалб қилиш бу шаклда бўлмаслигини ҳар икки мураббий ҳам тан олса керак.
Мисол учун, Рангник бугун жамоанинг ярим таркибини ўзгартириб, академия футболчиларига имконият берди ҳам дейлик. Ёш футболчига бу қандай тажриба бўлади? “Олд Траффорд”да мухлислар қаршисида ўйнаб кўради, ҳа, аммо билиб турибмиз-ку, ярим таркиб ёшлардан иборат танландими, демак бу ўйин унчалик муҳим эмас. Муҳим эмас ўйинда синаб кўриш, доим ҳам яхши фикр эмас, бу худди мавсумолди йиғинлардаги ўртоқлик баҳсларига ўхшаб қолади. Менимча, ёш футболчи етарли тажриба ёки ишончни қўлга киритмайди ҳам.
Аргентиналик ҳужумчи бор Манчестерда. Гарначо. Айтайлик, “МЮ” учун жуда муҳим бўлган бирор ўйиннинг қайсидир вақтида, асосий таркиб ўйинчиси ўрнига майдонга туширилди. Босим, юклама, жиддий вазифа, натижага бўлган эҳтиёж – футболчи мана шу факторлар юзага келгандагина ҳам тажриба тўплайди, ҳам унга берилган ишончни ҳис қилади.
Бир пайтлар “Барселона” ҳал қилинган ЕЧЛ гуруҳининг сўнгги турида Ла-Масиядан иборат таркибни туширган ва “Рубин”ни 5:0 енгган. Бу ўша ёшлар учун ЕЧЛ тажрибаси эмас, “Ла Масия”даги навбатдаги ўйин бўлган, ишонаверинг. Яқинда ОЧЛ сўнгги турида майдонга тушган “Пахтакор” ёшлари ҳам шу.
Муҳим ўйинларда навбати билан ёш футболчилар таркибга киритиб борилиши керак, ана ўшанда мевасини беради. Ундай бўлмадими, демак ҳали вақти келмади.
Нафақат ёш футболчи, умуман ҳар қандай жамоа бирор мусобақада ё бирор рақибга қарши ўйинда тажриба тўплаши учун аниқ мақсад, натижа учун кураш ҳам шарт. Шунчаки ўйнаб, тажриба тўплаб бўлмайди.
Қаҳрамон Асланов.