АГМК жамоаси навбатдаги ўйинни чемпионатнинг амалдаги чемпиони - "Пахтакор"га қарши сафарда ўтказади.
"Пахтакор" яқиндаги ОЧЛ гуруҳ босқичини Саудия Арабистонида ўтказиб, унда муваффақиятсиз қатнашиб қайтди. Амалдаги чемпион билан бўладиган ўйинга АГМК жамоаси яхши кайфиятда тараддуд кўрмоқда. "Қўқон-1912" устидан қозонилган ғалабадан сўнг АГМК ушбу муваффақиятли одимни давом эттирган ҳолда турнир жадвалидаги мавқеини янада яхшилашга уринади.
"Пахтакор" ва АГМК жамоаларининг ўзаро ўйинлар статистикасига кўра, барча мусобақаларда ўтказилган жами 31 учрашувда "Пахтакор" 23 ғалабани тантана қилган, АГМК эса 5 маротаба "пахтакорчилар"дан устун келган. Қолган 3 беллашувда ғолиб номи аниқланмай дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 62-21, "Пахтакор" фойдасига.
"Пахтакор" сафида дисквалификация сабаб Икром Алибоев ўйинни ўтказиб юборса, жамоамиздан Ёшлар Биринчилиги доирасидаги ўйинда майдондан четлатилган Нодир Абдураззоқов баҳсда иштирок этолмайди. Шунингдек, маълумотларга кўра, ОЧЛ доирасидаги ўйинда жароҳатланган Драган Черан 2 май кунги учрашувга қадар жароҳатидан тиклана олмайди.
Бўлажак баҳсни яқиндагина жамоамиз иштирокидаги "Металлург"га қарши ўйинни бошқаргач, натижага таъсир қилувчи хатолари туфайли Суперлигадан маълум муддатга четлатилган Фирдавс Норсафаров бошқариши эълон қилинди. Мазкур ўйин Норсафаров бошқараётган жамоамизнинг 7-ўйинига айланади. Фирдавс Норсафаров бошқарган ўйинларда АГМК 3 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият қайд этган. Учрашувда шунингдек VAR тизимидан ҳам фойдаланилади. Унга масъул этиб Аҳрол Рисқуллаев тайинланган.
Суперлига, 6-тур.
2 май, душанба
"Пахтакор" – АГМК (18:30)
Тошкент, "Пахтакор" стадиони.
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Ришат Нугманов, Шоҳруҳ Аъзамов, Достон Мирзараимов
Назоратчи: Олег Дачев
VAR ҳаками: Аҳрол Рисқуллаев
VAR ассистенти: Акобирхўжа Шукуруллаев
Комиссар: Бекзод Арипов.














