Ёзги трансфер ойнаси очилишига уч ой қолганида футбол бозори атрофидаги янгиликларини кузатишда давом этамиз.
Антонио Рюдигер («Челси»дан «Реал»га)
«Челси»даги фаолияти давомида Антонио Рюдигер олдинга катта қадам ташлади ва бугунги кунда немис ҳимоячиси номи нафақат ўз позициясида энг яхшиларидар бири бўлгани, балки эркин агент мақомидалиги учун ҳам жуда фаол равишда муҳокама қилинмоқда.
Очиғи, футболчининг ўзи қадрини билади. Антонио потенциал харидорларга йилига 12 миллион евро маош олиш истагини билдирди. Шундан кейин «Бавария» Рюдигер вариантидан воз кечди. Худди шу сабабга кўра, Лондоннинг «Челси» клубининг ўзи 29 ёшли ҳимоячини сақлаб қола олмади.
Рюдигернинг ўзига келсак, охирги кунларда унинг келажаги ойдинлашди. «Манчестер Юнайтед»нинг таклифини «Челси»га ҳурмат юзасидан рад этган немис футболчиси «Реал» билан йилига 11 миллион евро маош оладиган 4 йиллик шартнома борасида келишиб олди. Сабаби, Рюдигер яқинда «Сантьяго Бернабеу»даги голи билан «қаймоқранглилар» раҳбариятини марказий ҳимоячи билан шартнома имзолаш керак эканлигига тўлиқ ишонтира олди.
Луис Суарес («Атлетико»дан «Интер Майами»га)
Ҳужумчи сўнгги 10 йилдаги энг ёмон мавсумини ўтказмоқда. Уругвайлик футболчининг амалдаги шартномаси шу ёзда тугайди ва Суарес кейинчалик клубни тарк этиши, ҳамда шу билан карьерасига секин-аста тугатиши ҳеч кимга сир эмас. Луис аллақачон ижтимоий тармоқларда маҳаллий мухлисларга мурожаат қилиб, уларга кўп йиллик қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирган, «матрасчилар» бош мураббийи Диего Симеоне эса Суарес ўрнида ҳамюрти Лаутаро Мартинесни кўришни ҳоҳлашини омма олдида маълум қилган. Тўғри, «Интер» голеадори учун «Атлетико» камида 80 миллион евро ажратиши керак бўлади. Аммо ҳозир бу ҳақида эмас.
Суареснинг ўзига келсак, «Фенербахче»нинг таклифини хушмуомалалик билан рад этган футболчи фаолиятини 2020 йилдан бери Дэвид Бекхэмга тегишли бўлган ва бир неча йилдан бери юқори савияда ўйнаб келаётган «Интер»да, аниқроғи қуёшли Майамида давом эттириши аниқ. Таниқли инглиз футболчиси Месси ва Роналдуни ўз футбол клуби байроғи остида бирлаштиришни орзу қилишини яширмаяти ва унгача клуб Суарес трансфери билан чекланиб туришади.
Пауло Дибала («Ювентус»дан «Интерга», «Барселона»га ёки Премьер-лига клубига?)
2018 йилга қадар бир неча мавсум давомида Пауло «кекса синьора»нинг деярли асосий умиди ҳисобланарди. Аммо «Юве»га Криштиану Роналду ўтиши билан аргентиналик футболчининг ўйинида ниманидир бузилди. Аниқроғи, клубнинг бор эътибори португалияликка қаратилди ва Пауло четда қола бошлади. «Ювентус»нинг талабчан мухлислари унинг ижобий фазилатларидан кўра, етакчилик фазилатлари йўқ ва босим остида ишлашни истамайдиган футболчи сифатларига эътибор қарата бошлади. Бироқ 2021 йилда, амалдаги келишув муддати тугашига бир йил қолганда, туринликлар раҳбарияти Паулога 11 миллион евролик шартнома таклиф қилишди, аммо томонлар муросага кела олишмади ва футболчи ёзда клубни текинга тарк этиши 90 фоиз аниқ бўлиб турибди.
Агар Пауло қуёшли Италияни тарк этишни истамаса, унда «Интер» аргентиналик футболчига йилига 6 миллион евро маош оладишаг узоқ муддатли шартнома таклиф қила олади. Бундай маош билан Дибала Марсело Брозович ва Лаутаро Мартинес билан бирга клубдаги энг кўп маош олувчи футболчиларқаторига киради. Дибала«Барселона»да ўзини синаб кўриш истагини бир неча бор билдирган, аммо Каталония клуби уни Лео Мессининг меросхўри сифатида кўрмаяпти ва Паулога жавоб қайтаришга шошилмаяпти. Айтиш керакки, Премьер-лиганинг бир қатор клублари ҳам ҳужумчини қўлга киритиш учун фаол ҳаракат қилмоқда. Кечагина Эрик тен Хаг футболчини «Манчестер Юнайтед» кўришни хоҳлаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Килиан Мбаппе («ПСЖ»дан «Реал»га?)
Париждаги ажойиб пулми ёки Мадридда орзуамалга ошадими?
Афсонавий француз ҳужумчиси Жан-Пьер Папин ўз ворисига шартномадаги ноллар сонига эътибор бермасликни ва орзусига эргашишни маслаҳат берди. Ўз навбатида Франция президенти Эммануэль Макронҳам ҳозирги даврнинг энг яхши ҳужумчисигаПарижда ўйнашни давом этиши кераклигини таъкидламоқда. Киллиан қайси йўлни танлайди?
21 майгача бу саволга ишончли жавоб олмаймиз. Шу куни Франция чемпионатининг сўнгги тури бўлиб ўтади ва шу кунгача Мбаппе ўз клубига якуний қарорини қабул қилмасликка ваъда берди. Испанияда матбуотида футболчи ва «Реал Мадрид» ўртасидаги оғзаки келишув ҳақида ёзишмоқда. Аммо шунга ўхшаш хабарлар салкам уч йилдан бери ёзилмоқда.
Бир кун аввал Париж клуби президенти Носир Ал-Хелайфи Қатарда Мбаппенинг онаси билан учрашган, бироқ манбага кўра, бу ҳозирги вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Эслатиб ўтамиз, яқинда «ПСЖ» ҳужумчига 50 миллион евро маош ва клубга содиқлиги учун кўп миллионлик шартнома таклиф қилган эди.
Эрлинг Холанд («Боруссия Д»дан «Манчестер Сити»га?)
Норвегиялик ҳужумчи, мунтазам равишда соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Бундеслигада ўзи ўйнаган деярли ҳар бир ўйинда голлари билан рақибларни хафа қилишга ҳаракат қилмоқда. Аммо Эрлингнинг жароҳатга мойил футболчига айлангани ва ҳозиргача атиги 21 ўйинда майдонга тушгани кўплаб гранд клубларнинг фикрини ўзгартиришга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, футболчининг севимли чемпионати Ла лигасида Холанд номзодига қизиқиш сезиларли даражада сусайган. Ҳозирда «Реал Мадрид» Карим Бенземанинг ажойиб формасига ишонмоқда ва Килиан Мбаппе уларнинг асосий трансфер мақсади сифатида кўрилмоқда. «Қаймоқранглилар» Холанднинг юқори молиявий талаблари, шунингдек, форварднинг керагидан кўпроқ жароҳат олишидан қўрқишади. «Барселона»га келсак, бир кун аввал клуб президенти Жоан Лапорта Дортмундликлар сўраган 160 миллион евро Каталония клубининг қўлидан келмайдиган нарса эканлигини қисқа ва аниқ айтди.
Кўриниб турибдики, «Ман Сити» ҳозирда ёш ҳужумчи учун ягона даъвогар. Манбага кўра, томонлар аллақачон баъзи нарсаларни келишиб олган. Холанд ҳафтасига 500 минг фунт маош олиши кутилмоқда. Бу «Сити»нинг ҳозирги кундаги етакчи футболчиси Кевин де Брюйне оладиган суммадан тахминан уч баравар кўп.
Роберт Левандовски («Бавария»дан «Барселона»га?)
«Бавария» Люк Эрнандесга йилига 20 миллион евро маош таклиф қилиб, ўз ҳаётини қийинлаштирди. Ушбу воқеадан сўнг дарҳол клубнинг барча етакчи ўйинчилари ўзларининг кейинги шартномасидаги маошинифранцуз ҳимоячисиникидан кам бўлмаган рақамларда кўришни хоҳлашди. Шундай экан, ҳозирги вазиятда «Бавария» учун фақатгина Робертни эмас, барча асосий ўйинчиларни базада ушлаб туриш жуда қийин бўлмоқда.
Левандовскининг ўзига келадиган бўлсак, польшалик клуб раҳбариятига анчадан бери хафа. Бундеслиганинг сўнгги беш мавсумидаги энг яхши тўпурари ўтган ёзда «Бавария» уни «ПСЖ»га сотишдан бош тортганидан кейин Мюнхенда узоқ муддатли шартнома имзолаши кутилганди, бироқ ундай бўлмади. Яқинда «Бавария» спорт директори Ҳасан Салиҳамиджич польшалик ҳужумчининг шартнома муддати тугагунига қадар Мюнхенда яна бир йил қолишини қатъий таъкидлади.
Шунга қарамай, Европада 33 ёшли тўпурар футболчи учун курашмоқчи бўлганжамоа бор. «Барселона» директори Матеу Алеманининг сўзларига кўра, каталонияликлар футболчи учун «Бавария»га 35 миллион евро, Левандовскининг ўзи билан эса икки йиллик таклифи билан чиқишга тайёр. Аммо, бу қанчалик амалга ошади, ҳозирча бу номаълум.