Мамлакат миллий чемпионати – Ўзбекистон Суперлигасининг 7-туридан ўрин эгаллаган “Металлург” – “Қизилқум” учрашуви Бекобод шаҳри жамоаси учун кучлилар сафидаги юбилей – 700-учрашуви бўлади.
Тошкент вилояти жамоаси бугунгача ортда қолган 699 ўйиннинг 233 тасини ўз фойдасига ҳал этган. 142 учрашувда эса рақиблари билан муросага имзо чеккан. 324 ўйинда эса имкониятни бой берган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи – 852:1062.
“Металлург”нинг кучлилар сафидаги энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 6:0 (“Семурғ” – 2001, “Хоразм” – 2008, “Машъал” – 2016), энг йирик мағлубияти эса 0:7 (“Навбаҳор” – 2003, “Насаф” – 2004).
Юбилей ўйиндаги рақиб анча жиддий ва сўнгги йилларда “Металлург” учун ноқулай жамоа бўлиб қолмоқда. Хусусан, охирги икки мавсумда “Қизилқум” Бекободдан бир хил – 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган. 2021 йилги мавсумда навоийликларга гуржистонлик футболчилар Матэ Ватсадзе ҳамда Элгужа Григалашвилилар киритган голлар 3 очкони тақдим этганди. Бу голларга ўйин охирида Иброҳим Ибрагимов битта аниқ зарбаси билан жавоб қайтарганди. Аммо шу нарсани таъкидлаш керакки, айнан чемпионатни якунловчи турида Навоийда олинган реванш “Металлург”ни кучлилар сафидаги мавқеини сақлаб қолишига сабаб бўлганди. Бу сафар ҳам “Қизилқум”дан гуржистонлик легионер Гиорги Кухианидзе муваффақият қозонганди. Аммо унинг голига қадар бекободликлар мезбонлар дарвозасини уч марта ишғол этиб бўлишганди – Зоҳид Абдуллаев, Дилшод Раҳматуллаев, Худойшукур Сатторов – 1:3.